Иқтисод - 10:37 · 10.05.2022

Билл Гейтс Украинадаги инқирознинг иқтисодиётга таъсирини тушунтирди

«Microsoft» асосчиларидан бири, миллиардер Билл Гейтс Украинадаги инқироз глобал иқтисодий пасайишни келтириб чиқаришини айтди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «Mint»

Миллиардернинг таъкидлашича, Украинадаги хомашё нархларининг кескин ошишига олиб келган вазият пандемия сабабли давлат қарзи даражаси юқори бўлган ва таъминот занжири билан боғлиқ муаммолар юзага келган жараёнга тўғри келди. Гейтс жаҳон иқтисодиётининг яқин келажакдаги аҳволига оид прогнозларини берган.

«Кўпгина давлатлар, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Ҳиндистон инфляцияни пасайтириш учун фоиз ставкаларини оширишни бошлади. Бу охир-оқибатда иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келади», — деган у.

Гейтсга кўра, агар бой мамлакатлар иқтисодий муаммоларга учраса, камбағал мамлакатлар соғлиқни сақлаш соҳасида катта эҳтиёжларга дуч келади. Миллардер АҚШ Федерал захира тизими ва етакчи жаҳон иқтисодиётидаги бошқа марказий банклар ўсиб бораётган инфляцияга қарши туриш учун фоиз ставкаларини оширганини қайд этган.

Аввалроқ Билл Гейтс пандемияни ўзгартириши мумкин бўлган жараённи айтганди ва терроризмнинг янги тури шаклланишидан огоҳлантирганди.