Жамият, Жаҳон - 21:00 · 10.05.2022

Бугун оқшоми. Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда эканини айтган Ўзбекистон, Сурхондарёдан топилган салжуқийлар олтин динори, Россия нефтидан воз кечишга ваъда берган «катта еттилик»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ташқи ишлар вазирлигидан яна бир баёнот. Бу сафар Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашаётганидан жиддий хавотир билдирилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон томони баёнотда Фаластин–Исроил можаросини бартараф этиш учун зарур чораларни кўришга чақирган. Унга кўра, муаммо халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолюциялари ва икки халқ учун икки давлат тамойили асосида ҳал қилиниши зарур.

«Биз томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирамиз», дейилади хабарда.

Маълумот учун, вазирликнинг ушбу чиқиши унга раҳбарлик вазифасини вақтинча бажараётган Владимир Норов давридаги иккинчи халқаро даражадаги баёнот ҳисобланади. Бундан олдин Ташқи ишлар вазирлиги Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилиши ҳақидаги гапларига муносабат билдириб, (хорижий) нашрлардан «иғво» тарқатмасликни сўраганди.

Тармоқларда икки даҳшатли ЙТҲнинг видеолари тарқалди. Уларнинг иккиси ҳам бундан (анча) аввалроқ содир бўлгани маълум бўлди.

Уларнинг биринчиси Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 3 май куни содир бўлган. Унда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги туфайли «Yutong» туристик автобуси ағдарилиб кетган.

Оқибатда 5 нафар йўловчи тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Аммо орадан 1 ҳафта ўтган бўлса ҳам уларнинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот берилмаган (воқеа ҳақида шу пайтгача расмий манбаларда хабар берилмагани ҳам қизиқ ва ғалати ҳолат).

Иккинчи «авария» Тошкентда ЙПХ ходими иштирокида содир бўлган, унинг ўзи ҳам шикастланган (учиб кетган, тўғрироғи). Пойтахтнинг Юнусобод туманида «Tracker» ЙПХ ходимини у бошқа бир машинани тўхтаётганида уриб юборган. Эътиборлиси, ушбу воқеа 2021 йилнинг 23 сентябрь куни содир бўлган, аммо унинг видеоси тарқалгандан кейингина расмий хабар берилди.

Ўша куни соат 07:30 ларда Юнусобод тумани Амир Темур кўчасида хизмат олиб бораётган «ГАИ» «Cobalt» автомашинасини хуштак ва жезл орқали тўхтатган. Бу вақтда унинг орқасидан ҳаракатланиб келаётган «Tracker»нинг ҳайдовчиси бошқарувини йўқотиб, «Cobalt» билан тўқнашган ва хизмат олиб бораётган ЙҲХБ инспекторини уриб юбориб, ағдарилиб дарахтга урилган.

Расмий хабарга кўра, оқибатда «ГАИ» ва «Tracker» машинаси ҳайдовчиси тан жароҳат билан шифохонага ётқизилган, ҳозирда эса ходимнинг аҳволи яхши (лекин ҳайдовчи ҳақида маълумот йўқ).

Биз кеч хабар топган (ҳа, айнан кеч хабар топган, агар видеолар тарқамаганида балки бу ҳақда расман хабар берилмасди) ЙТҲлардан кейин ўринли савол туғилади: нега улар ҳақида шу пайтгача хабар берилмаган? Ўтган йили содир бўлган ЙТҲ (камига ЙПХ ходими иштирокида бўлган) ўтган йилги статистикага қўшилганми? Хуллас, шунақа саволлар. Балки жавоб олармиз, балки кейинги йил.

Навоий вилоятида учта туманга янги ҳокимлар тайинланди.

Навоий вилояти прокурори ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Руслан Рўзиев Конимех туманига, Муротхон Эгамқулов Навоий шаҳар (бунгача у Конимех туманига ҳоким бўлган), Назирбек Раҳмонов («Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси директори) эса Зарафшон шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.

Сурхондарёдаги аҳоли ҳонадонларининг бирида салжуқийлар олтин динори топилди. Унга Аллоҳ ва Муҳаммад сўзлари туширилган.

Туризм ва маданий мерос вазирлигига кўра, Термиз туманидаги аҳоли ҳонадонларининг бирида салжуқийлар олтин динори топилди. Дўстлик маҳалласида яшовчи Улкан Эралиев боғни суғориш чоғида ердан сариқ металл парчасини топиб, Термиз археология музейига мурожаат қилган. Қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширган, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати

Музей директори бошчилигидаги музей мутахассислари ва нумизматлари томонидан қимматбаҳо топилма дастлабки экспертизадан ўтказилган. Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов Аллоҳ ва Муҳаммад сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди. Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати

«Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган. Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар ‘динор’, кумуш тангалар ‘дирҳам’ деб аталар эди», — дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев.

Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви борасида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлиги манфаатлар тўқнашувини алоҳида қонун билан тартибга солишни таклиф қилмоқда. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартиби белгиланмоқда, бунга амал қилмаганлар эса жаримага тортилади. Бунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли орган сифатида белгиланмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчага мувофиқ, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳар бир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги БҲМнинг 3 баравардан 5 бараваригача (такроран бўлса — БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача) жаримага сабаб бўлади. Модомики мансабдор шахслар ушбу вазиятларни тартибга солмас экан, улар БҲМнинг 5 баравардан 10 бараваригача (такроран бўлса — БҲМнинг 10 баравардан 15 бараваригача) жаримага тортилади.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг (Чехия, Латвия, Хорватия, Грузия, Канада, Молдова ва бошқалар) амалиёти ўрганилган. Ўрганиш учун танланган давлатлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасида қатнашинг, ўз фикрингизни қолдиринг, жамият ва унинг келажагига бефарқ бўлманг.

Бонус: Мўйноқда бўлиб ўтган «Стихия» электрон мусиқа фестивали — суратларда.

Фото: «Bugun.uz» / Марат Наджибаев

Хўш, оламда нима гап?

Россиянинг Rutube видеохостинги кучли киберҳужумга учради. Шу сабабли унда «Ғалаба паради» ва салюти кўрсатилмади.

Россиянинг Rutube видеохостинги 9 май куни тонгда кучли киберҳужумга учради. Бу ҳақдаги маълумот компаниянинг Telegram каналида соат 9:00 да эълон қилинди. 10 май соат 21:00 ҳолатига ҳам сайтга кириш тиклангани йўқ.

Фото: «Bugun.uz»

Компания ушбу киберҳужум сервис тарихидаги энг кучлиси эканини маълум қилган. Хизмат вакилларининг сўзларига кўра, бу қиммат, олдиндан режалаштирилган ва «Rutube’га ғалаба паради ва мушакбозлик жараёнини кўрсатишига йўл қўймаслик» учун зарур бўлган.

Rutube жамоасига яқин бўлган «The Village» манбасига кўра, ҳужум эрталаб соат 7:00 да бошланган, хакерлар ҳаракати натижасида сайт коди «бутунлай ўчирилган», ҳозирда видеохизмат маълумотларини қайта тиклаб бўлмаяпти. Манбага кўра, бундай киберҳужум сайтга кириш кодларининг сизиб чиқиб кетиши туфайли амалга оширилган. Аммо компания бу ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган (айрим русларнинг «ҳақиқати» бошқа бўлади, шекилли ўзи).

Маълумот ўрнида, Rutube видеохостинги Россияда YouTube ўрнини босувчи аналог ҳисобланади, Украинада «махсус операция» бошлангандан сўнг кўплаб рус телеканаллари ва блогерлари ушбу тармоққа кўчиб ўтган.

G7 давлатлари Россия нефтидан воз кечиш мажбуриятини олди. 

Фото: «Shutterstock»

G7 давлатлари Россия энергия ресурсларини, биринчи навбатда, нефт ва газ импортини босқичма-босқич тўхтатишга ваъда берди. «Катта еттилик»нинг тегишли баёноти Украина президенти Владимир Зеленский иштирокидаги видеоконференция якунлари бўйича берилган. АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам Россияга нисбатан қўшимча чекловчи чораларни қўлламоқчилигини маълум қилган.

«Бу Путин иқтисодиётининг асосий артериясига қаттиқ зарба беради ва уни урушни молиялаштириш учун зарур бўлган фойдадан маҳрум қилади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, АҚШ 8 май куни Россияга қарши янги санкциялар киритган. Оқ уй бу чоралар аллақачон «Россия иқтисодиётининг барча тармоқлари — молия, савдо, мудофаа, технология ва энергетика соҳаларига сезиларли таъсир кўрсатаётгани ва вақт ўтиши билан босимни оширишини» айтган.

Маълумот учун, «Катта еттилик» (G7) халқаро клуб мақомига эга бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада, Германия ва Японияни ўз ичига олади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.