Бухоро, Жамият - 19:33 · 10.05.2022

Бухородаги институтда 4 млрд сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланди

Бухоро муҳандислик-технология институтида 4 миллиард сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: Фото: Бухоро муҳандислик-технология институти матбуот хизмати

Маълум қилинишича, агентликнинг ўрганишлари натижасида институтнинг молиявий ҳужжатлари қонунчиликка зидлиги, тўловлар тўғри ҳисобланмаслиги, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг ноқонуний сарфланиши, иш ҳақи, стипендия ва бошқа тўловларнинг нотўғри тўланганлиги ҳамда давлат харидлари ва меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилинмаётганлиги каби қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

Хусусан, давлат харидлари бўйича институтнинг 2-корпуси фасад қисмини капитал таъмирлаш бўйича эълон берилмасдан, танловларсиз 1,4 миллард сўмлик қурилиш ишлари тўғридан-тўғри «Fast Quality Building» МЧЖга шартномасиз бериб юборилган. Ушбу ташкилот Соғломлаштириш марказида 303.9 млн сўмлик ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган.

Шунингдек, институт 1-биносининг 5-қаватида «Vobkent San-tex stop montaj servis» МЧЖ томонидан амалга оширилган 2,4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари якунланган. Бироқ, тугалланган ишлар комиссия томонидан қабул қилинмаган ва унинг кафолат муддати тугамаган бўлса-да, пудратчига 91,5 миллион сўм маблағ олдиндан тўлаб берилган.

Маблағларнинг ортиқча сарфланиши бўйича масъуллар томонидан 18 нафар магистрант ва 7 нафар талабанинг имтиҳонда олган «4» баҳолари қайдномаларга кўчирилишида «5» баҳога ўзгартирилганлиги натижасида 14,7 миллион сўмдан зиёд стипендиялар ортиқча тўланганлиги аниқланган. Шунингдек, ассистент-ўқитувчиларга 71 та ҳолатда катта ўқитувчи лавозимига белгиланган жами 50,5 миллион сўмлик ортиқча иш ҳақи тўланган.

Меҳнат қонунчилиги бўйича 0,50 ҳисса ташқи ўриндошлик асосида ишловчи кафедра профессори Х.К. текширув кунига қадар ишга келмаган бўлса-да, унга январь ойида 4,3 миллион сўмлик иш ҳақи ҳисобланиб, мажбурий ушланмалар сақланган ҳолда 3,7 миллион сўм тўлаб берилган. Бундан ташқари, 0,50 ҳисса профессор лавозимида ишловчи Р.Г. ўқув йили юклама жадвалида қайд этилмаган бўлса ҳам, унга табел тўлдирилиб, 2021 йил сентябрь ойидан 2022 йил февраль ойига қадар 18,3 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланган, мажбурий сақланмалар ушлангандан сўнг 15,9 миллион сўм иш ҳақи тўланган.

«Ташқи ўриндошлик асосида ишловчи сиртқи бўлим услубчиси Умида Шарипова ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ходими Анвар Жўраевларнинг асосий иш жойидан маълумотнома олинмаган. Дилором Эргашева бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмасисиз диспетчер лавозимига қабул қилинган. Доцент лавозимига ишловчи Институтнинг академик лицейи директори Эминжон Ҳалимов асосий иш жойида 126,6 соат ишда бўлмаган», дейилади хабарда.

Шу билан бирга, кариндош-уруғчилик алоқалари борасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги бўйича «Машинасозлик технологияси» кафедраси мудири Насрулло Ўриновнинг қўл остида унинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Саидова катта ўқитувчи, акаси Абдулло Ўриновнинг ўғли Уйғун Ўринов доцент лавозимида, шунингдек, «Менежмент» кафедраси мудири Шербек Хайитовнинг қўл остида турмуш ўртоғи Шаҳло Примова ва синглиси Ирода Хайитовалар ўқитувчи-стажёр лавозимида ишлаётганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, институтдаги 34 нафар тюторларнинг 20 нафари ёшлар билан ишлашда етарли тажриба орттирмаган ҳамда етарли педагогик стажга эга эмас. 29 нафар ходим катта ўқитувчи лавозимига ноқонуний қабул қилинган. Табақалаштирилган тўлов, таълим дастурлари ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилиш бўйича Давлат тест марказининг хулосасига кўра, 67 нафар абитуриентнинг табақалаштирилган тўлов-контрактлари миқдори буйруқларда белгиланмаган.

Хабарга кўра, ўрганишда қўшма таълим дастурлари асосида таълим йўналишларига қабул қилинган 19 нафар абитуриентнинг иккинчи босқич бўйича тест синовларида иштирок этишлари учун танлаган таълим йўналишлари ва ўқишга қабул қилишда буйруқ билан белгиланган таълим йўналишлари бир-бирига мос келмаслиги аниқланган.

Шу билан биргаликда стажёр-тадқиқотчиликка ўқишга қабул қилиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон берилмаган. Электрон тизим орқали ҳужжат топширмаган фуқаролар тўғридан-тўғри аризалари асосида стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилинган, уларнинг аризалари қайд китобидан рўйхатдан ўтказилмаган. Институтда техник ходимларни ишга олиш тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари, институт ректори Н.Баракаев институтга ходимларни ишга олишда таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл қўяётганлиги, жумладан, ўзининг яқин ва узоқ қариндошларини ишга олиб, уларга устама белгилашда ижтимоий адолат мезонларини бузаётганлиги бўйича институт ходимлари томонидан Агентликка мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатларда Н.Баракаев турмуш ўртоғи Нодира Ибрахимовани катта ўқитувчи, опасининг қизи Райҳон Валиевани 1,5 ҳисса иш юритувчи ва диспетчер, қайнсинглисининг қизи Умида Шариповани сиртқи бўлим услубчиси ва божаси Илхом Бафоевни бош аудитор лавозимига ишга олганлиги, шунингдек, божаси И.Бафоевга 200 фоиз миқдорида иш ҳақига устама белгилаб келганлиги баён этилган эди.

Агентлик томонидан мазкур мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилган бўлишига қарамай, ўрганиш кунига қадар бу масалалар ўз ечимини топмаган. Натижада ушбу ҳолатлар ариза муаллифларининг ҳақли эътирозларига ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Мурожаат асосида институтда ўтказилган ўрганишларда 4 млрд сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларининг келиб чиқишига Бухоро муҳандислик-технология институти раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан таълим, меҳнат, бюджет интизоми ва давлат харидларига оид қонун ҳужжатлари ва соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмагани ҳамда етарли назорат ўрнатилмагани сабаб бўлган.

Баён этилганларга кўра, Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг 4-бандига асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим тизимида 9 ойда қарийб 14 млрд сўмлик молиявий камчилик аниқланганди.