Жамият, Фарғона - 8:04 · 10.05.2022

Фарғонада атеросклероз касаллигига чалинган 2 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Фарғона вилоятида илк бор атеросклероз касаллигига чалинган икки нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғона тумани Водил қишлоғи Чимён маҳалласида яшовчи Абдуназар Тўраев йигирма беш йилдан буён юқори қон босимидан азият чеккан. Йиллар давомида қилинган муолажалар эса самара бермаган. Аксинча, йилдан-йилга аҳволи янада оғирлашган. Касаллик зўрайиб, умумий ҳолатида салбий ўзгаришлар кузатила бошлаган. Айниқса, охирги йиллар кучли бош оғриғи, ҳушдан кетиш, қўл-оёқларда ҳолсизлик, нутқ чалкашиши, кўриш қобилиятининг сустлашиши каби асоратлар қайд этилган.

2022 йил ўтказилган томография текширувларидан сўнг унда атеросклероз касаллиги аниқланиб, бош мия қон томирлари тўсилиб қолгани маълум бўлган.

«Дарднинг яхшиси бўлмайди. Инсон касал бўлганида ҳаётнинг қадрини, саломатликнинг ҳақиқий қимматини ҳис қиларкан. Қолаверса, хасталик аниқ бўлсаю, даволанишга имконинг бўлмаса, бундан ёмони йўқ. Чунки чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билмайсан. Мана шундай оғир пайтда вилоятимизда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси оиламиз жонига оро кирди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шифокорларнинг айтишича, яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтарканман», — дейди бемор.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали кардиожарроҳи Ҳондамир Мамадалиевнинг айтишича, уйқу артериясини атероскелероздан тозалаш — анчагина мураккаб муолажа. Бунинг учун беморнинг бўйин қисми жарроҳлик йўли билан очилиб, бош мияга кетган артериал қон томирлари холестериндан тозаланади.

Ана шундай оғир хасталикка чалинганлардан яна бири олтиариқлик Собиржон Раҳмонов бўлиб, 2021 йил январь ойида инсульт хасталигини бошдан кечирган. Шундан сўнг ўша йили май ойида унда кардиожарроҳлик операцияси ўтказилган. Бироқ бемор муолажадан кейин ҳам бутунлай соғайиб кетмаган. Сўнгги тиббий текширувлардан кейин унинг уйқу артерияларини атероскелероздан тозалаш кераклиги маълум бўлган.

«Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин экан. Буни эса ўз бошимдан ўтказиб билдим. Аммо дард қанчалик оғир бўлмасин, инсон тушкунликка тушмаслиги керак. Айниқса, оилавий шароити даволанишга имкон бермайдиган биз каби беморларга давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани соғайишимизга янада ишонч бағишламоқда», — дейди бемор.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Қўшработ туманида илк бор тўхтаб турган юракда жарроҳлик амалиёти ўтказилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бемор танаси 16 даражагача совитилиб, 12 соатлик мураккаб операция ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.