Сиёсат - 8:35 · 10.05.2022

G7 давлатлари Россия нефтидан воз кечиш мажбуриятини олди

G7 давлатлари Россия энергия ресурсларини, биринчи навбатда, нефт ва газ импортини босқичма-босқич тўхтатишга ваъда берди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

«Катта еттилик»нинг тегишли баёноти Украина президенти Владимир Зеленский иштирокидаги видеоконференция якунлари бўйича берилган. АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам Россияга нисбатан қўшимча чекловчи чораларни қўлламоқчилигини маълум қилган.

«Бу Путин иқтисодиётининг асосий артериясига қаттиқ зарба беради ва уни урушни молиялаштириш учун зарур бўлган фойдадан маҳрум қилади», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, АҚШ 8 май куни Россияга қарши янги санкциялар киритган. Оқ уй бу чоралар аллақачон «Россия иқтисодиётининг барча тармоқлари — молия, савдо, мудофаа, технология ва энергетика соҳаларига сезиларли таъсир кўрсатаётгани ва вақт ўтиши билан босимни оширишини» айтган.

Маълумот учун, «Катта еттилик» (G7) халқаро клуб мақомига эга бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада, Германия ва Японияни ўз ичига олади.

Аввалроқ қайси давлатлар Россия газидан воз кечиши мумкинлиши маълум қилинганди. Шунингдек, АҚШ Россия нефть ва газини импорт қилишдан воз кечгани ҳақида хабар берилган.