23:28 | 10.05.22 261

Истанбулдан Бухорога мунтазам авиарейслар йўлга қўйилади

Парвозлар қачондан бошланиши маълум қилинди

Туркиянинг «Turkish Airlines» авиакомпанияси Истанбулдан Бухорога мунтазам авиарейслар йўлга қўяди. Бу ҳақда компания бош директори Билол Экшига таяниб, «Sputnik» хабар берди.
Фото: «Daily Sabah»
Маълум қилинишича, мунтазам парвозлар 7 июндан йўлга қўйилади.  9 майдан бошлаб авиакомпания Тошкент ва Истанбул ўртасида ҳафтасига 17 марта парвоз қилади.
Шунингдек, қайд этилишича, авиакомпания Ўзбекистоннинг яна бошқа шаҳарларига ҳам парвозлар частотасини оширади. Унга кўра, Истанбул ва Фарғона ўртасидаги рейслар 10 майдан ҳафтасига 3 марта, Истанбул ва Самарқанд ўртасида 4 марта, Истанбул ва Урганч ўртасида эса 16 майдан ҳафтасига 2 марта амалга оширилади.
Аввалроқ Бухоро–Истанбул–Бухоро йўналишида 15 майдан мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши хабар берилганди. Шунингдек, Москва шаҳридан 2 майдан Бухоро, Самарқанд, Урганч шаҳарларига мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши айтилганди.