Жаҳон - 9:06 · 10.05.2022

Олимлар Ойдаги тупроқни ёқилғига айлантириш йўлини топди

Нанкин университетининг хитойлик олимлари Ойдаги тупроқни ёқилғи, карбонат ангидрид ва кислородга айлантириш йўлини топди. Уларнинг тадқиқоти «Sciencedaily» журналида чоп этилди.

Фото: «weather.com»

Ой ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш давомида мутахассислар сунъий йўлдошдан олинган тупроқ керакли моддаларни олиш учун катализатор (кимёвий реакцияни тезлаштирувчи модда) бўлиши мумкинлигини аниқлаган. Намуналар Хитойнинг Chang’e 5 космик кемаси томонидан олиб келинган, уларда юқори миқдорда титан ва темир қайд этилган.

Тадқиқот гуруҳи коинотда термоядровий тизимни синовдан ўтказмоқчи. Тизим Ойнинг тупроғидан фойдаланган ҳолда чиқиндидан олинган сув ёки намликнинг электролизини амалга ошириши керак. Жараёнда ҳосил бўлган водород астронавтлар фойдаланадиган Ойнинг кислороди ва карбонат ангидрид билан бирлаштирилади.

Бу жараён кейинчалик ёқилғи сифатида ишлатилиши мумкин бўлган метан каби углеводородларнинг ҳосил бўлишига олиб келади. Унинг афзаллиги шундаки, жараён ёруғликдан ташқари ташқи энергия манбасини талаб қилмайди. Ўз навбатида, талаб юқори бўлган моддалар: сув, кислород ёки ёқилғи ҳосил бўлади. Энди мутахассислар тадқиқотни коинотда синаб кўрмоқчи, эҳтимол, бу Хитой тайканавтларининг кейинги миссиясида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ енгил металл олиш учун Ойга ядровий зарба беришни кўзлагани маълум бўлганди. NASA раҳбари ўзга сайёраликлар борлиги ҳақида гапирганди.