Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашаётганига жиддий хавотир билдирди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашаётганидан жиддий хавотир билдирди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Ўзбекистон томони баёнотида Фаластин–Исроил можаросини бартараф этиш учун зарур чораларни кўришга чақирган.
«Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз. Фаластин–Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолюциялари ва икки халқ учун икки давлат тамойили асосида амалга оширилиши зарур.
Биз томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирамиз», — дейилади хабарда.