Жамият - 16:44 · 10.05.2022

Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви борасида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Адлия вазирлиги томонидан манфаатлар туқнашувининг олдини олиш тўғрисида қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, қонун лойиҳасида давлат ташкилоти ходими ёки унинг яқин қариндоши акциядори, муассиси (иштирокчиси), бошқарув органи аъзоси ҳисобланадиган юридик шахс ушбу ходимларга алоқадор шахс ҳисобланиши белгиланмоқда. Шунингдек, қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашуви тартибга солишда ваколатли органлар, яъни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг вазифалари белгиланмоқда;
  • давлат ташкилоти ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни маълум қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши белгиланмоқда:
  • манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш;
  • мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш.

Бундан ташқари, давлат ташкилоти ходимининг яқин қариндошлари ва унга алоқадор бўлган шахслар мазкур ходимнинг меҳнат қилаётган ташкилоти билан ҳуқуқий муносабатга киришаётганида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши лозимлиги белгиланмоқда. Манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузганликнинг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда. Хусусан:

  • манфаатлар тўқнашувини маълум қилмаслик ёки унинг тартибга солинмаганлиги учун интизомий ёки қонунчиликда белгиланган бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳар бир ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун БҲМнинг уч баравардан беш бараваригача (такроран бўлса – БҲМнинг беш баравардан ўн бараваригача), мансабдор шахсларининг ушбу вазиятларни тартибга солмаганлиги учун БҲМнинг беш баравардан ўн бараваригача жаримага (такроран бўлса – БҲМнинг ўн баравардан ўн беш бараваригача);
  • маъмурий баённома тузиш ваколатлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юклатилмоқда;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар бекор қилиниши суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши, шунингдек ушбу қарорлар ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда олинган фойда суд тартибида давлат даромадига ўтказилиши;
  • манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизмлари белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳалари қабул қилинса, давлат ташкилотида давлат хизматчилари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир қилиниши олди олиниши ҳамда халқаро коррупцияга қарши кураш соҳасидаги 3 та индексда Ўзбекистон позициясига ижобий таъсир этиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг (Чехия, Латвия, Хорватия, Грузия, Канада, Молдова ва бошқалар) амалиёти ўрганилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатасида «снос»га оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинганди. Шунингдек, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингани хабар қилинганди.