Жаҳон - 23:56 · 10.05.2022

Қирғизистон президентининг сотувга қўйилган уйи 330 минг доллардан ошиққа сотилди

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаровга тегишли бўлган ва сотувга қўйилган уй 330 минг доллардан ошиққа сотилди. Бу ҳақда Давлат ипотека компанияси матбуот хизматига таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, Жапаров 2021 йилнинг сентябрида уйини Давлат ипотека компаниясига топширган. Президентнинг сўзларига кўра, уй 2005 йилда сотиб олинган. 2010 йилларда оила бошқа жойга кўчиб ўтган ва ўшандан бери уйда мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб келган.

Уй Бишкек шаҳрида жойлашган бўлиб, умумий майдони 390,6 квадрат метр, ер майдони 852 квадрат метрни ташкил қилади. Уй билан боғлиқ биринчи ауцион 2021 йил 24 декабрда бўлиши режалаштирилган, ўшанда бошланғич нарх 396 470 долларни ташкил этган. 2022 йил февраль ойида эса Давлат ипотека компанияси уйнинг бошланғич нархини 330 800 долларга тушириб, такрорий кимошди савдосини эълон қилган. Уй апрель ойида сотилган.

Харидор ўз исмини ошкор этмасликни сўраган. Маълум қилинишича, уйни сотишдан тушган маблағ тайёр уй-жой сотиб олишга йўналтирилади.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров шахсий уйини уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида муҳтожларга топширганди. Шунингдек, Қирғизистон президентини хон деб эълон қилиш таклиф қилингани маълум қилинганди. Ҳамда Атамбаев Қирғизистоннинг ҳозирги президентини кескин танқид қилгани хабар берилган.