Жаҳон - 12:17 · 10.05.2022

Россиянинг Rutube видеохостинги кучли киберҳужумга учради

Россиянинг Rutube видеохостинги 9 май куни тонгда кучли киберҳужумга учради. Бу ҳақдаги маълумот компаниянинг Telegram каналида соат 9:00 да эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, кун давомида сайтда сайтда реставрация ишлари олиб борилган, соат 22:04 да компания ушбу ҳужум видеохостинг тарихидаги энг кучлиси бўлганини маълум қилди. Хизмат вакилларининг сўзларига кўра, бу қиммат, олдиндан режалаштирилган ва «Rutube’га ғалаба паради ва мушакбозлик жараёнини кўрсатишига йўл қўймаслик» учун зарур бўлган.

Rutube жамоасига яқин бўлган «The Village» манбасига кўра, ҳужум эрталаб соат 7:00 да бошланган, хакерлар ҳаракати натижасида сайт коди «бутунлай ўчирилган», ҳозирда видеохизмат маълумотларини қайта тиклаб бўлмаяпти. Манбага кўра, бундай киберҳужум сайтга кириш кодларининг сизиб чиқиб кетиши туфайли амалга оширилган.

Кейинчалик компания сайт коди бутунлай ўчирилгани тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. «Видеохостинг петабайт архив маълумотлари ва юзлаб серверлардан иборат эканини тушуниш муҳим. Қайта тиклаш дастурчилар кутганидан кўра кўпроқ вақт олади», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Rutube видеохостинги Россияда YouTube ўрнини босувчи аналог ҳисобланади, Украинада «махсус операция» бошлангандан сўнг кўплаб рус телеканаллари ва блогерлари ушбу тармоққа кўчиб ўтган.