Жаҳон - 22:02 · 10.05.2022

Рус ҳарбийларининг жасадлари билан тўлдирилган контейнер, Украина учун «ленд-лиз» ва Пулитцер олган украиналик журналистлар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 10 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Associated press»

Оқ уй Жо Байден Украинага ленд-лиз асосида қурол етказиб бериш тўғрисидаги қонунни имзолаганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот ўрнида, ленд-лиз АҚШ ҳукуматининг 1941–1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушидаги иттифоқдошларини ўқ-дорилар, жиҳозлар, озиқ-овқат, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар, стратегик хомашё, шу жумладан, нефть маҳсулотлари билан тўловсиз таъминлашга рухсат берувчи акти ҳисобланади. Бунда барча ҳаражатлар АҚШ Ғазначилиги томонидан тўланади ҳамда сақланиб қолган қурол ва жиҳозлар ҳарбий ҳаракатлар тугагандан сўнг қайтариб берилишини назарда тутади.

Владимир Зеленский Жо Байденга ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолагани учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда президент ўзининг Twitter саҳифасида ёзган.

«Озодлик ва келажагимиз учун курашда қўллаб-қувватлагани учун президент Байден ва халқдан миннатдорман. Ленд-лиз тўғрисидаги қонуннинг бугун имзоланиши тарихий қадамдир. Ишончим комилки, биз яна бирга ғалаба қозонамиз. Биз Украинадаги демократияни ҳимоя қиламиз. Европадагини ҳам. Худди 77 йил олдин бўлгани каби», — деб ёзган Зеленский.

1917 йилдан бери бериладиган, дунёдаги энг нуфузли журналистика мукофотларидан бири бўлган Пулитцер мукофотининг 2022 йилги ғолиблари эълон қилинди.

Унга кўра, «The Washington Post» журналистлари «Ҳужум» материали учун мукофотнинг энг нуфузли номинация бўйича ғолиб деб топилган. Мазкур материал 2021 йил январида Капитолий биноси босиб олинишинг батафсил хронологияси ҳисобланади.

«The New York Times» газетаси «Миллий репортаж» (полиция томонидан ҳибсга олиниши пайтида ҳалок бўлган америкалик ҳайдовчилар ҳақида) ва «Халқаро репортаж» (Америка ҳужуми натижасида Яқин Шарқда тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлгани ҳақида) номинацияси бўйича мукофотларга лойиқ кўрилган.

Шунингдек, «Шошилинч репортаж» номинациясида «Miami Herald», тадқиқот журналистикаси йўналишида «Tampa Bay Times» ғолибликни қўлга киритган.

Мукофотнинг махсус номинацияси украиналик журналистлар ғолиб бўлган.

«Пулицер мукофоти кенгаши украиналик журналистларга Владимир Путиннинг мамлакатига бостириб кириши ва Россиядаги ташвиқот уруши чоғида кўрсатган жасорати, чидамлилиги ва ҳаққоний хабар беришга содиқлиги учун алоҳида миннатдорчилик билдиради. Ўз сафларида портлашлар, ўғирлашлар, ишғол ва ҳатто ўлимга қарамай, улар қатъият билан Украина ва бутун дунё журналистларини улуғлаган ҳолда, даҳшатли воқелик ҳақида аниқ тасаввур беришга ҳаракат қилмоқдалар», — дейилади мукофот расмий саҳифасида.

Россия Молия вазирлиги 1994 йилдан бери кузатилмаган энг ёмон иқтисодий таназзулни прогноз қилаётгани айтилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Таъкидланишича, Россия Молия вазирлиги 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 12 фоизга қисқаришини кутмоқда. Бу 1994 йилдан бери энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Қайд этилишича, бу маълумот Россия Молия вазирлигининг ички прогнозида кўрсатилган.

Агар прогноз амалга ошса, агентлик манбасининг таъкидлашича, бу Россия иқтисодиётининг сўнгги ўн йилдаги ўсишини йўққа чиқаради.

Ўз навбатида, вазирлик «Bloomberg» департаментининг маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Баёнотда айтилишича, вазирлик ваколатига «расмий макроиқтисодий прогнозларни тайёрлаш кирмайди».

Қатарнинг «Al Jazeera» телеканали ўз репортажларидан бирида Украинада ҳалок бўлган рус аскарларининг жасадлари билан тўлдирилган музлатгичли машинани кўрсатди. Репортаж телеканалнинг YouTube саҳифасида эълон қилинган.

Қадрларда рус ҳарбийларининг жасадлари билан тўлдирилган совутгичли машина кўрсатилган. Қайд этилишича, улар Украинадаги тўқнашувларда ҳалок бўлган. Кадрларда, шунингдек, Россия армиясининг кийимларига ўхшаш бўлаклар, шунингдек, Россияда ишлаб чиқарилган зирҳли нимча бўлаклари кўрсатилган.

Телеканал маълумотларига кўра, ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари бўлган вагон Киев вилоятида суратга олинган ва Россия томони уларни қайтаришни сўраб мурожаат қилмаган.