Жамият - 15:38 · 10.05.2022

Самарқанддаги қишлоққа сел келди — видео

Самарқанд туманида 9 майдан 10 майга ўтар кечаси кўп миқдорда ёмғир ёғиши оқибатида сел келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, Юқори Оҳалик маҳалласида қисқа муддатли кўп миқдорда ёмғир ёғиши оқибатида ушбу ҳудудидан оқиб ўтувчи сойга ёмғир сувлари сиғмай, тошиб чиқиш ҳолати юзага келган.

Ҳодиса оқибатида тахминан соат 23:30 ларда ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро М.А.га тегишли бўлган Жигули яшаш уйи яқинидаги сой сув йўлида қолгани сабабли келаётган ёмғир сувлари уни тахминан 40-50 метр масофага суриб борган, оқибатда автомобилга қисман зарар етган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан туман фавқулодда вазиятлар бўлимига фуқаролар томонидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Узун туманида 5 май куни кучли ёғингарчилик сабаб сел келгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғли ҳудудларида 4 май куни кучли ёғингарчилик кузатилгани хабар қилинган.