Жамият, Сурхондарё - 14:28 · 10.05.2022

Сурхондарёда Салжуқийлар олтин динори топилди — фото

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги аҳоли ҳонадонларининг бирида салжуқийлар олтин динори топилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, туманнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи Улкан Эралиев боғни суғориш чоғида ердан сариқ металл парчасини топиб, Термиз археология музейига мурожаат қилган. Музей ва вилоят маданий мерос бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳ топилма аниқланган жойга борган. Қазилма майдонини дастлабки иш жараёнин олиб борган ва Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари парчалари топилган.

Таъкидланишича, Улкан Эралиев қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширган, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилган. Музей директори бошчилигидаги музей мутахассислари ва нумизматлари томонидан қимматбаҳо топилма дастлабки экспертизадан ўтказилган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати

«Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов Аллоҳ ва Муҳаммад сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди. Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган.

Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган. Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар ‘динор’, кумуш тангалар ‘дирҳам’ деб аталар эди», – дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари топилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ичан қалъа музейидаги 101 та ноёб ашё сохта экани аниқланганди.