Жамият, Тошкент ш. - 13:22 · 10.05.2022

Тошкентда «Тracker» ЙПХ инспекторини уриб юборди — видео

Тошкентнинг Юнусобод туманида 2021 йил 23 сентябрь куни «Tracker» ЙПХ ходимини уриб юборди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси 10 май куни ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса 23 сентябрь куни соат 07:30 атрофида Юнусобод тумани Амир Темур кўчасида содир бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳарақати хавфсизлиги хизмати бошқармаси йўл патруль-хизмати бўлими инспектори кичик сержант Анвар Отабоев хизмат вазифасини ўташ жараёнида 1973 йилда туғилган Ш.У. бошқарувидаги «Cobalt» автомашинасини хуштак ва жезл орқали тўхтатган.

Бу вақтда унинг орқасидан ҳаракатланиб келаётган 1989 йилда туғилган К.У. «Тracker» автомашинасини бошқарувини йўқотиб, «Cobalt» билан тўқнашган ва хизмат олиб бораётган ЙҲХБ инспекторини уриб юбориб, ағдарилиб дарахтга урилган.

Хабарга кўра, ЙТҲ натижасида ЙҲХБ инспектори ҳамда «Тracker» автомашинасининг йўловчиси Д.У. тан жароҳатлари олиб касалхонага ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, тергов якуни бўйича тўпланган хужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун судга юборилган. Ҳозирда ЙҲХБ ходимининг аҳволи яхши эканлигин қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда аҳоли ва ЙПХ ходимлари ўртасида тортишув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда «Hyundai Sonata» ЙПХ инспекторини уриб юборгани маълум қилинганди.