Жаҳон - 19:00 · 10.05.2022

Туркманистон вилоятларидан бирида табиблардан ССВдан лицензия олиш талаб қилинди

Туркманистонда полиция Лебап вилоятидаги табиблар уйини айланиб чиқиб, улардан 2–3 ой ичида Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт вазирлигидан лицензия олишни талаб қилди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «Медиазона Центральная Азия»

Маълум қилинишича, акс ҳолда табиблар фаолияти тўхтатилади ёки улар жавобгарликка тортилади. Мулла ва эшонлар ҳам диний ташкилотлар билан ишлаш комиссиясидан худди шундай ҳужжат олиши керак.

Ҳозирча табиблар томонидан лицензия олиш ҳолатлари аниқланмаган. Улар собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг доривор ўсимликлар ҳақидаги китоблари бўйича тест топшириши керак.

Таъкидланишича, касалхонада даволаниш қиммат бўлгани учун аҳолининг аксарияти, айниқса, қишлоқ аҳолиси табибларга боради. Юқоридаги касблар вакилларидан бири вафот этганда унинг ўғли ёки қизи ишини давом эттиради. Кўпинча, касб меросхўрлиги қишлоқ аҳолисининг илтимосига биноан амалга ошади.

Аввалроқ Туркманистонда келин-куёв Бердимуҳамедов қўшиқларидан бирига рақс тушиши кераклиги маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакатда ўқитувчиларнинг президент шеърини қай даражада билиши текширилган.