Жаҳон - 22:30 · 10.05.2022

Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук вафот этди

Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук 10 май куни 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Украинские новости» хабар берди.

Фото: «Gazeta.ru»

Маълум қилинишича, биринчи президент 2021 йил июнь ойи охирида юрак операциясини бошдан ўтказган. Сентябрь ойида реабилитация қилиш учун Германияга юборилган.

«Бугун, 2022 йил 10 май куни Киев вақти билан соат 17:00 да узоқ давом этган хасталикдан сўнг мустақил Украинанинг биринчи президенти Леонид Макарович Кравчук вафот этди», дейилади хабарда.

Леонид Кравчук мустақил Украинанинг биринчи президенти бўлиб, Россия президенти Борис Елцин, 4 май вафот этган мустақил Беларуснинг биринчи раҳбари Станислав Шушкевич билан бирга СССРнинг мавжудлигини тугатган Беловеж келишувларини имзолашда иштирок этган.

2020 йил июл ойида Леонид Кравчук Донбасс бўйича уч томонлама алоқа гуруҳидаги Украина делегациясига бошчилик қилган.

У 1934 йил 10 январда туғилган. Киев давлат университетининг сиёсий иқтисод факултетини тамомлаган бўлиб, иқтисод фанлари номзоди ҳисобланади.

1980 йил март ойида Украина ССР Олий Кенгаши депутати этиб сайланган. 1990 йил июндан сентябригача Украина Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг иккинчи котиби бўлган. 23 июлдан Олий Кенгашни бошқарган, аммо 1991 йил августдаги тўнтаришдан кейин партияни тарк этган.

Унинг раҳбарлигида Республика Олий Кенгаши 1991 йил 24 августда Украина мустақиллигини эълон қилиш тўғрисидаги актни қабул қилган. 5 декабргача у Олий Рада раиси бўлган. Ноябр ойида янги Иттифоқ шартномаси лойиҳасини имзолашдан бош тортган. 1 декабрь куни 61,6 фоиз овоз тўплаб, Украина президенти лавозимини эгаллаган ва мамлакатни 1994 йилгача бошқарган.

Аввалроқ Мустақил Беларуснинг биринчи президенти, республика Олий кенгашининг собиқ раиси, Беловеж келишуви муаллифларидан бири Станислав Шушкевич 87 ёшида вафот этганди.