Жаҳон - 18:13 · 11.05.2022

Беларусь Украина билан чегарага махсус операция кучларини жойлаштирди

Киев 20 мингга яқин аскарини Украина–Беларусь чегараси яқинида тўплаганидан сўнг Минск махсус операциялар кучларини учта ҳудудга жойлаштирди. Бу ҳақда мамлакат қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Виктор Гулевич «БЕЛТА»га маълум қилди.

Фото: «ТАСС»

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Беларусь атрофида ҳарбий таҳдид кучаймоқда, чунки АҚШ ва унинг иттифоқчилари давлат чегараси яқинида ўз бўлинмаларини жамламоқда. Гулевич ўтган 6 ой ичида қўшинлар «ҳам миқдорий, ҳам сифат жиҳатидан» икки баравар кўпайганини айтган

«Ўртаер ва Болтиқ денгизи сувларида ҳаводан учириладиган қанотли ракеталарни олиб юрувчи денгиз гуруҳлари пайдо бўлди, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатларида ҳаво қўшини кўпайтирилди. Буларнинг барчаси Беларусга таҳдид кучайиб бораётганидан далолат беради», — деган у.

Шунингдек, расмий Европада 20 минггача аскар ва ҳарбий техника иштирокида бир қатор машғулотлар ўтказилаётганини айтган. Беларусь билан чегарадош мамлакатлар ҳудудида ҳам ҳарбий тадбирлар бўлиб ўтаётгани, улар махсус операциялар кучини текшираётгани таъкидланган. Минскка қарши асосий таҳдид Украинадан келаётганини қайд этилган.

«Жанубий оператив йўналишда Украина жойлаштирган 20 минглик ҳарбий биздан реакция талаб қилади. Учта тактик йўналишда жойлаштирилган махсус операция кучлари Беларусь хавфсизлигини таъминламоқда. Бугундан бошлаб, менинг раҳбарлигим остида ҳудудий мудофаанинг иккита ҳудуди текширилмоқда, муҳим объектларни қўриқлаш бўйича ишлари бошланган», — деган Гулевич.

Аввалроқ Лукашенко 1941 йилни такрорламасликка чақирганди. Шунингдек, у Украинадаги урушни қандай қилиб бир ҳафтада тугатиш мумкинлигини айтган.