Жамият, Жаҳон - 21:00 · 11.05.2022

Бугун оқшоми. Бозор нархига ўтадиган ғалла савдоси, 44 ёшда вафот этган Ангрен ҳокими, Қора туйнукдан келадиган овоз (видео)

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Энди расман: ОТМларда имтиёзли абитуриентлар умумий квотага киритилмайди.

Фото: «Bugun.uz»

Президент имзолаган тегишли қарорга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади. У билан ОТМларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзларнинг рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади. Шунингдек, ОТМларда талабаларни ётоқхона билан таъминлашнинг электрон тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, ушбу электрон тизимда ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Сурхондарёда сел оқизиб кетган икки фуқаронинг жасади Тўпаланг дарёси ўзанидан топилди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Ўтказилган қидирув-қутқарув ишларида бир нафар фуқаро жасади Тўпаланг дарёси ўзанидан, ундан беш километр қуйироқда эса яна бир фуқаронинг жасади топилган. Бундан ташқари ўша жойдан селда оқиб кетган автомобиль ҳам топилган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ва оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистонда йил бошидан бери содир бўлган сел оқибатларида 9 киши ҳалок бўлган. Буни Президент бугун ўтказилган йиғилишда маълум қилган.

Яна озроқ Сурхондарё ҳақида: Термиздаги University at-Termiziy томонидан берилган дипломлар тан олинмайди, уларнинг ҳеч қандай сертификати йўқ.

Термиз шаҳри
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Термиз шаҳридаги University at-Termiziy томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинмаслигини маълум қилди. Чунки ушбу университет Ўзбекистонда олий таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай лицензияга эга эмас.

Ангрен шаҳри ҳокими Нуритдин Абдураҳимов 44 ёшида вафот этди.

Нуритдин Абдураҳимов 11 май куни эрталаб вафот этган. Бунга инфаркт касаллиги сабаб бўлгани айтилган.

Фото: Telegram

Маълумот учун, Нуриддин Абдураҳимов Каримович 2022 йилнинг 31 январь куни Ангрен шаҳри ҳоким этиб тайинланганди. У 1978 йилда Пискент туманида туғилган. Мутахассислиги бўйича молиячи. Ҳоким лавозимига қадар Президент администрациясининг масъул ходими сифатида фаолият юритиб келган.

Ўзбекистон Сент-Винсент ва Гренадин ороллари билан дипломатик алоқа ўрнатди. Бу Ўзбекистон билан дипломатия муносабатларини ўрнатган 140-мамлакат бўлди.

Фото: «Дунё»

Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон билан Сент-Винсент ва Гренадин ороллари ўртасида дипломатия муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланди. Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжат Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Иброҳимов ҳамда Сент-Винсент ва Гренадин оролларининг БМТдаги доимий вакили Инга Ронга Кинг томонидан қабул қилинган.

Маълумот учун, Сент-Винсент ва Гренадин ороллари Кариб денгизи ҳавзасининг ғарбий қисмида жойлашган давлат ҳисобланади. Мамлакат 2020–2021 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси, 2018–2019 йилларда эса ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси бўлган.

Ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади, давлат донни 2021 йилгидан икки баравар қиммат сотиб олади.

Фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун барча имкониятлар яратилади, дея хабар бермоқда бизга шерик «Kommers.uz» Президент матбуот хизматига таяниб.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи 2021 йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан 2022 йил ҳосили учун 3 миллион сўмга оширилади. Президентнинг айтишича, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти.

Шунингдек, Президент қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари бошлаган даврда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш бундан уч йил олдин эълон қилинганига тўхталди.

«Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, 2022 йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Фермерлар буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди. Бунда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.

«Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқаяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади.

Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади», — деди Президент йиғилишда.

2022 йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича «кунбай» назорат тизими жорий қилинади.

Хўш, оламда нима гап?

Видео: Қора туйнукдан қандай товуш чиқиши маълум бўлди. Эшитиб кўринг, шунчаки даҳшат.

NASA астрономлари қора туйнук чиқарадиган товуш тўлқинларини аниқлашга муваффақ бўлди. Mахсус техникасиз товушни эшитишнинг иложи бўлмаган, чунки тўлқинлар инсон қулоғи учун мавжуд диапазондан тахминан 57 октава пастроқ бўлган. Олимлар космик «мусиқа»ни оддий товуш диапазонига айлантиришга муваффақ бўлган. Улар бунинг учун товуш сигналларининг баландлигини 58 октавага оширган.

«Путин Украинага қарши «махсус операция»да асосий мақсадлардан бирортасига эриша олмади» — Пентагон.

Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши «махсус операция»да асосий мақсадлардан бирортасига эриша олмади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали ходими матбуот брифингида маълум қилди.

Фото: «Time»

Келтирилишича, Путиннинг икки ҳафтага мўлжалланган ҳарбий амалиёти бўйича режаси амалга ошмаган. Жумладан, Мариуполь қўлга олинмаган, Азовсталь мудофааси эса давом этмоқда.

«Путин асосий мақсадлардан бирортасига эриша олмади. Мариуполь ҳали қўлга олинмаган. Азовсталнинг қаршилиги эса давом этмоқда», — деган Пентагон расмийси.

Шунингдек, у Россия президенти кучларни тўплашда давом этаётгани ва йўқотишларга дуч келаётганини айтган. Унинг имкониятлари, хусусан, артиллерия жиҳатдан пасаётгани таъкидланган. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Россия армияси уруш режаларидан орқада қолмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.