Жамият, Тошкент ш. - 14:00 · 11.05.2022

Кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан байрам бўлиб ўтди

Киночилар уйида Ўзбекистон киноижодкорлари томонидан «Беларусфильм» киностудияси билан ҳамкорликда ко-продукция форматида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳамда кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Учрашувда Беларус Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Леонид Маринич, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, «Беларусфильм» киностудияси директори Владимир Карачевский, киноижодкорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Икки мамлакат киноижодкорларининг сўнгги уч йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди. Ушбу даврда «Беларусфильм» киностудияси кўмагида Хилол Насимовнинг «Мерос», Жаҳонгир Аҳмедовнинг «Илҳақ», Иброҳим Расуловнинг “Муҳаббат баҳори” фильмлари суратга олинган. Учрашувда томонлар жорий лойиҳаларни ҳам тақдим этишди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

2021 йил Минскда бўлиб ўтган «Листопад» фестивалида Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти ва «Беларусфильм» киностудияси ўртасида янги лойиҳа – “Осиё арслони” фильмини ишга тушириш бўйича меморандум имзоланган эди. Фильм Фарғона вилоятида туғилган, урушда разведкачи-партизан сифатида иштирок этган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Мамадали Топволдиев (партизанлар уни «Казбек» деб аташган) ҳақида ҳикоя қилади. Фильм “Мен террорчи эмасман” фильми билан танилган ёш режиссёр Муҳаммадали Искандаров томонидан суратга олинади.

Фильмни яратиш учун Ўзбекистон ва Беларусь томонидан 1 миллион доллар маблағдан ажратилади. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг баёнотига кўра, Фарғона вилояти “Осиё арслони” фильми асосида телесериал яратиш учун 5 миллиард сўм ажратади.

Учрашув давомида Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан «Беларусфильм» кўмагида ишлаб чиқарилаётган «Узбечка» фильмини суратга олиш жараёни муҳокама қилинди. Фильм ўзбекнинг мерган қизи, афсонавий Зебо Ғаниеванинг образи асосида яратилмоқда. Қаҳрамон тимсолида Иккинчи жаҳон уруши фронтларида қатнашган Ўзбекистон аёлларининг жасорати ва матонати мужассамланган.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Учрашувда, шунингдек, янги лойиҳалар, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда яшаб ижод қилган беларус шоири Якуб Колас ҳақида фильм суратга олиниши эълон қилинди. Кинокартина ёзувчининг 140 йиллигига бағишланади. Учрашув якунида муҳокама қилинган лойиҳалар бўйича меморандумлар имзоланди.

– Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда улкан лойиҳаларни режалаштирмоқдамиз, ишончим комилки уларнинг барчаси амалга ошади. Бугунга кунда ўзаро ҳамкорлигимиз фаол ва жадал ривожланмоқда, ҳамкорликда бир нечта муносиб фильмлар яратилмоқда. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз янада ривожланади ва биз биргаликда яна кўплаб фильмларни суратга оламиз. Шунингдек, болалар учун ўзбек эртаклари асосида анимацион ва бадиий фильм яратишга келишиб олдик. — деб фикр билдирди «Беларусфильм» киностудияси директори Владимир Карачевский.

Кеча доирасида таниқли режиссёр, «Ошиқлар» каби машҳур фильмлар муаллифи Элёр Эшмуҳамедов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда киноижодкорлар, жумладан сценарийнавис Одельша Агишев, режиссёр Али Хамроев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Саъдуллаев, ВГИК Тошкент филиали директори Элдор Йўлдошев, шунингдек, ВГИК талабалари Элёр Ишмуҳамедовни юбилей билан табриклаб, унга мустаҳкам саломатлик, бахт ва янги ғалабалар тилашди. Режиссёрга Кинематография агентлиги раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.

Машҳур режиссёрни самимий табриклар экан, Кинематография агентлиги бош директори қуйидаги тилакларни билдирди:

– Буюк ижодкорларимиз Элёр Эшмуҳамедов ва Одельша Агишевга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида ВГИК филиалини очиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Қувонарлиси, сизлар ҳозирги вақтда Тошкентда ёшларимизга ўз билимингизни бериб келмоқдасиз. Ишончимиз комилки, шогирдларингиз «Ошиқлар» каби кино санъати дурдоналарини яратишга муваффақ бўлишади, – деди агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов.