Жаҳон - 22:36 · 11.05.2022

NATO’га яқинлашаётган Финляндия ва Швеция, Россия газини АҚШ газига алмашган Болгария, Украина учун 40 миллиард

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 11 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «UA.NEWS»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши 12 май куни Украинадаги гуманитар вазият бўйича йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда ташкилотдаги манбаларига таяниб «ТАСС» хабар берди.

Янги Зеландия Россияга қарши янги санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Нанаия Махутанинг айтишича, санкциялар Украинадаги вазият туфайли киритилган. «Қўра рўйхат»да саккиз нафар Россия фуқароси ва ташкилотининг номлари бор.

Улар орасида Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игор Конашенков, Бош штаб бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюков, «Красная звезда» медиахолдинги президенти Алексей Пиманов ва «NewsFront» ахборот портали асосчиси Михаил Синелин ҳам бор.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Украинага 40 миллиард доллар миқдорида қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Қайд этилишича, эндиликда қонун лойиҳаси кучга кириши учун Сенат ва президент Жо Байден унга рози бўлиши керак. Лойиҳа Жо Байденнинг яқинда Конгрессга Украинага 33 миллиард доллар миқдоридаги ёрдамни маъқуллаш ҳақидаги мурожаатидан кейин ишлаб чиқилган. Кейинчалик бу миқдор бироз оширилган. Қонун лойиҳаси 368 та овоз билан (57 та қарши) маъқулланган.

Финляндия ва Швеция расмийлари бир вақтнинг ўзида NATO’га аъзо бўлиш учун ариза бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Финляндиянинг йирик «Helsingin Sanomat» газетасига таяниб, «Медуза» хабар берди.

Қайд этилишича, бу кейинги ҳафтада содир бўлиши мумкин. Нашрнинг ёзишича, Финляндия расмийлари ариза бўйича расман 15 май, якшанба куни қарор қабул қилади. Шунингдек, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик меҳнат партияси томонидан ҳам шундай қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

«Helsingin Sanomat»га кўра, қўшма ариза мамлакатлар ўртасидаги келишув белгиси ва бир-бирини ҳимоя қилиш истаги сифатида кўрилмоқда ва муҳим медиа ҳодисаси бўлади. Агар ўша куни ариза топширишнинг иложи бўлмаса, давлатлар буни имкон қадар қисқа вақт билан бажаришга ҳаракат қилади.

Эслатиб ўтамиз, нейтрал мақомга эга Швеция ва Финляндиянинг NATO’га аъзо бўлиши Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин фаол муҳокама қилина бошлади.

Украинада уруш бошланганидан бери деярли 5 миллион одам ишсиз қолди. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботида маълумот берилган. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, агар жанглар авж олиб кетса, ишсиз қолганлар сони етти миллион кишига етади. Шунингдек, Украинадаги инқироз қўшни мамлакатларда, асосан Венгрия, Молдова, Польша, Руминия ва Словакияда ҳам иш ўринлари йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Болгария АҚШ билан газ етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Мамлакат ҳукумати маълумотларига кўра, Болгарияга АҚШдан келадиган сиқилган табиий газ Россиядан келадиган газдан арзонроқ туради.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи охирида «Газпром» Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатган. Чунки мамлакат Россия гази учун рублда тўлов қилишдан бош тортганди.