Жаҳон, Илм-фан - 20:10 · 11.05.2022

«Омикрон» штами хавфсиз экани рад этилди

АҚШнинг бир қанча етакчи тиббиёт мактаблари олимлари «омикрон» хавфсиз экани ҳақидаги хабарлар уйдирма эканини айтди. Бу ҳақда «Doctor Piter» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Буни аниқлаш учун Массачусетс штатидаги 130 минг нафар ковидга чалинган беморларнинг маълумотлари ўрганилган. Олимлар бошқа тадқиқотларда бўлгани каби «омикрон» билан касалланган беморларнинг ўлими ва касалхонага ётқизилиши сонини баҳолаган. Шунингдек, эмланиш ҳолати ҳам ҳисобга олинган.

Тадқиқот натижасига кўра, «омикрон» аввалги штамлар каби жиддий ва хавфлидир. Бу вирус тури хавфсиз экани ҳақидаги хабарларни рад этади. «Биз ‘омикрон’да касалхонага ётқизиш ва ўлим хавфи деярли бир хил эканини аниқладик. Таҳлилларимиз  у ‘дельта’ ва ковиднинг олдинги вариантлари каби оғир кечишини кўрсатади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, айнан вакциналар «омикрон»нинг ўлим ва касалланиш даражасини ушлаб туришга ёрдам берган.

Аввалроқ коронавирус кўз олдида доғлар пайдо бўлишига олиб келиши ва нима учун одамлар коронавирусга қайта чалиниши маълум қилинган.