Жамият - 18:46 · 11.05.2022

«Ортиқхўжаевнинг бошини яна қотиришди»: пойтахт ҳокимининг тунги қабуллар машмашаси давом этмоқда

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ярим тунда халқ билан учрашувлар ташкил қилиши сўнгги бир ойда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу бўлди. Бу ҳақда бир қанча танқидий мақолалар эълон қилинди, орада ҳокимлик жавоб видеосини тайёрлади, Меҳнат инспекцияси вазиятни ўрганаётганини билдирди. Аммо тунги қабуллар ҳамон давом этмоқда, аноним манба эса куни кеча танқидий постлар ёзган журналист ва блогерларни нишонга олди. Қуйида «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугмановнинг ҳолат юзасидан билдирган фикрини ҳавола этамиз.

Коллаж: «Bugun.uz»

Унинг сўзларига кўра, соат кечаси 12, 1 да халқни чақириб учрашган ҳоким бу вақтда меҳнат қонунчилигини бузаётганини қанчалик билган ёки билмагани ўзига аён, лекин журналистлар ҳақли саволларни ўртага қўйган.

«Кеча ва бугун эса ушбу вазиятга жавоб сифатида номи ошкор қилинмаган, аноним бир ёзувчи ҳокимнинг қилаётган ишларини оқлаб, уни танқид қилган журналистларга «жавоб» қайтарган. Ёзғирма (мақола, ҳатто юмалоқ хат ҳам деб бўлмайди) ҳокимнинг қилган ишларини оқлаш ва тўлиқ форматда журналист ҳамда блогерларни ҳақоратлашни ўз ичига олган. Журналистлар кеткавлаш касаллигию ичи қоралик, пора талаб қиладиган шахсларга тенглаштирилган. Умуман, у ерда бошқа ҳеч нарса йўқ. Ўқиб, тавба дейиш мумкин холос. Лекин мен шунда ҳам бир ижобийлик кўрдим», — дейди Нугманов.

Таҳририятлар раҳбарининг қайд этишича, мансабдор ёзилган мақолалар учун журналистларга босим қилиши ёки шу каби таҳдид йўлларигача ҳам ўтиши, буни амалга ошириш балки «шессекунд»лик иш ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо бори шу бир аноним ҳақоратларга тўла материалнинг чиқиши ва унинг тарқалиши билан чекланилган. 

«Ҳозирча шунақа. Фақат улар бир нарсани унутмаслиги керакки, бугунги қайтар дунё 40 йилни кутиб ўтиргани йўқ, 40 кунда, 40 соатда қайтяпти. Ўзича сазойи қилмоқчи бўлиб, бел боғлаганлар ўзлари учун буни билиб қўйишса, ёмон бўлмасди.

Албатта, муаллифи ва манзили (Telegram’нинг Telegraph аноним хизмати орқали юкланган) йўқ материал ўша чиққан жойида қолиб кетиши мумкин эди. Лекин кеча ва бугун ушбу мақола Ўзбекистондаги оммабоп Telegram каналларда роса айлантирилди. Реклама материали сифатида борича тарғиб қилинди. Буюртма экани шундоқ билиниб турганди. Қизиқ, ким шунақа буюртма берган экан-а?» — дея якунланган пост.