Жамият - 16:06 · 11.05.2022

Ўзбекистон олийгоҳларида имтиёзли абитуриентлар умумий квотага киритилмайди

Шавкат Мирзиёев 11 май куни «Давлат бошқаруви соҳасида коррупсиявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан, қуйидагиларни назарда тутувчи «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади.

Унга мувофиқ:

  • 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, «E-Anticor.uz» электрон платформасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолашни назарда тутувчи «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади;
  • Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри» (паст, ўрта ва юқори ўлчовларида) шакллантирилади ва Интернет тармоғида очиқ эълон қилиб борилади;
  • Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида фуқаролардан ноқонуний қурилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни онлайн қабул қилиш имкони яратилади;
  • ОТМларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзларнинг рўйхати ягона хужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади;
  • ОТМларда талабаларни ётоқхона билан таъминлашнинг электрон тизими жорий этилади;
  • Автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмлари яратилади;
  • Ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги қарори билан «Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши курашиш комплаенс тизимини жорий этиш ва унинг ишлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланганди.