Жамият, Жаҳон - 11:33 · 11.05.2022

Ўзбекистон Сент-Винсент ва Гренадин ороллари билан дипломатик алоқа ўрнатди

Сент-Винсент ва Гренадин ороллари Ўзбекистон билан дипломатия муносабатларини ўрнатган 140-мамлакат бўлди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Фото: «Дунё»

Маълум бўлишича, 10 май куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон билан Сент-Винсент ва Гренадин ороллари ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланди. Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжат Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Иброҳимов ҳамда Сент-Винсент ва Гренадин оролларининг БМТдаги доимий вакили Инга Ронга Кинг томонидан қабул қилинган.

Сент-Винсент ва Гренадин ороллари Кариб денгизи ҳавзасининг ғарбий қисмида жойлашган давлат ҳисобланади. Мамлакат 2020–2021 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси, 2018–2019 йилларда эса ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси бўлган.

Маълумот учун, 2022 йил 9 март куни Ўзбекистон Сент-Китс ва Невис федерацияси билан дипломатия алоқалари ўрнатганди.