Жамият - 18:50 · 11.05.2022

Ўзбекистонда 2022 йилда сел келиши оқибатида қанча одам ҳалок бўлди?

Шавкат Мирзиёев 11 май куни ўтказилган йиғилишда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масаласига тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2022 йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди.

Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди.

Бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан мутасаддиларга:

  • тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда туну-кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш;
  • дарё қирғоқлари, сув омборлари, селга қарши иншоотларнинг фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини ўрганиб, уларни мустаҳкамлаш;
  • хавфли ҳудудларда яшаётган хонадонларни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.