Жамият - 17:41 · 11.05.2022

Ўзбекистонда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади

Шавкат Мирзиёев раислигида 11 май куни дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, мутасаддиларга икки ҳафта муддатда буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ҳамда брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш топширилди. Бунда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.

«Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқаяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади.

Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади», — деди Президент йиғилишда.

2022 жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича «кунбай» назорат тизими жорий қилинади.

Бунинг учун Бош прокурор бошчилигида Республика штаби ташкил этилади. Ҳудудий штабларга вилоят ҳокимлари ва прокурорлари раҳбарлик қилади.