Жаҳон - 15:12 · 11.05.2022

Пентагон Путиннинг урушдан кўзлаган асосий мақсадини маълум қилди

Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши «махсус операция»да асосий мақсадлардан бирортасига эриша олмади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали ходими матбуот брифингида маълум қилди.

Фото: «Time»

Келтирилишича, Путиннинг икки ҳафтага мўлжалланган ҳарбий амалиёти бўйича режаси амалга ошмаган. Жумладан, Мариуполь қўлга олинмаган, Азовсталь мудофааси эса давом этмоқда.

«Путин асосий мақсадлардан бирортасига эриша олмади. Мариупол ҳали қўлга олинмаган. Азовсталнинг қаршилиги эса давом этмоқда», — деган Пентагон расмийси.

Шунингдек, у Россия президенти кучларни тўплашда давом этаётгани ва йўқотишларга дуч келаётганини айтган. Унинг имкониятлари, хусусан артиллерия жиҳатан пасаётгани таъкидланган. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Россия армияси уруш режаларидан орқада қолмоқда.

«Путин Донбасс ва жанубда бўлишни хоҳлаган жойидан икки ҳафта орқада қолди, вазият қандай ривожланиши номаълум. Ишончим комилки, украиналиклар ўз ҳудудларини ҳимоя қилишда давом этиши мумкин. У шунчаки Донбассни назорат қилиб, ғалабани эълон қилишни хоҳлаяптими ёки бу назоратдан кейинги ҳужумлар учун фойдаланмоқчими, биз билмаймиз. Россия президентининг режалари ҳақида мутлақ ишончга эга эмасмиз», — дейди расмий.

Аввалроқ Путин Украинага нима сабабдан уруш бошлаганини тушунтирганди. Шунингдек, Путин Ғарбга нисбатан қандай қатъий чоралар кўриши маълум бўлган.