Жамият, Қашқадарё - 22:05 · 11.05.2022

Қашқадарёда 25 ёшли йигит сув омборига чўкиб кетди

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қизилтепа маҳалласида яшаган 25 ёшли йигит сув омборига чўкиб кетди. Бу ҳақда «Nasafnews» хабар берди.

Фото: Иллюстратив

Маълум бўлишича, 1997 йилда туғилган У.Ж. ҳудуддаги Лангар сув омборига чўмилиш учун ўртоғлари билан борган. 10 май куни тушдан кейин омборга тушиб чўкиб кетган.

Ҳозирда Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари йигитнинг жасадини сув омборидан қидирмоқда ва ҳозирча унинг жасади топилгани йўқ.

Аввалроқ Қашқадарёда 9-синф ўқувчиси уйи яқинидаги каналга чўкиб кетганди. Шунингдек, Наманганда 26 ёшли аёл дарёга чўкиб кетгани ҳамда уни қидиришга 20 нафар қутқарувчи ва кўнгилли жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Ҳамда Фарғона вилояти Риштон туманида 21 февраль куни она ва унинг икки қизи каналда чўкиб кетганди.