Жаҳон - 23:57 · 11.05.2022

Қозоғистон Қирғизистонга ҳарбий мулкини ўтказади

Қозоғистон ҳукумати Қирғизистонга Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Anadolu»

Мамлакат Мудофаа вазири ўринбосари Султон Камалетдинов келишув 2021 йил 7 декабрда Нурcултонда имзоланганини айтган.

«Келишув Қирғизистонга номи ва ҳажми дипломатик каналлар орқали келишилган ҳарбий мулкни беришни назарда тутади. Қозоғистон томони ҳарбий техникани Қирғизистоннинг Қўй-Тош аҳоли пунктигача автомобиль йўли билан етказиб бериш харажатларини таъминлайди ва ўз зиммасига олади.

Қирғизистон томони олинган ҳарбий мулкдан фақат хавфсизлик мақсадида фойдаланади, уни учинчи томонга ўтказмайди ва МДҲга аъзо давлатларга қарши фойдаланмайди», — деди Камалетдинов.

Шунингдек, у Марказий Осиё минтақасининг қўшни ҳудудларида хавфсизлик таҳдиди бўлган вазиятда ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш Қирғизистон қуролли кучларига хавфсизликни мустаҳкамлашда ёрдам беришини айтган.

Аввалроқ Россия Қирғизистонда биолаборатория ташкил қилмоқчилиги маълум қилинганди. Шунингдек, Қозоғистон ва АҚШ ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган.