Жамият, Самарқанд - 23:28 · 11.05.2022

Самарқандда инсон ҳуқуқларига оид ўқув семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби суд тизимида таълим салоҳиятини ошириш мақсадида қатор халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Мазкур ҳамкорлик доирасида 11–12 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро ҳуқуқ ва стандартлар» мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтмоқда. Икки кунлик мазкур семинар ушбу ҳудудда фаолият юритаётган судьялар ва адвокатлар учун ташкил этилган.

Тренингнинг асосий мақсади судьялар ва адвокатларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, унда 15 нафар судья вазифасини бажарувчи, шунингдек, Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган адвокатлар иштирок этмоқда.

Тадбирнинг алоҳида аҳамияти шундаки, у Олий мактабнинг Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорликнинг яна бир самарасидир.

Интерфаол шаклда ўтказилаётган тренингда экспертлар томонидан жорий юриспруденцияга тааллуқли мавзулар бўйича ўқув ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар соҳасида халқаро ҳуқуққа кириш: Асосий тамойиллар, асосий ҳуқуқлар», «Халқаро ҳуқуқда меҳнат қилиш ҳуқуқи ва иш жойидаги ҳуқуқлар, «Халқаро ҳуқуқда саломатлик ҳуқуқи ва репродуктив ҳуқуқлар», «Халқаро ҳуқуқда тегишли уй-жой ҳуқуқи», «Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» шулар жумласидандир.

Шунингдек, семинарда иштирок этаётган судьялар ва адвокатлар халқаро экспертлар билан очиқ ҳамда конструктив мулоқот орқали янги компетенцияларнинг афзалликлари ҳамда уларни амалий ишларда қўллаш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Тадбир якунида ўқув-семинар иштирокчилари амалий ҳамкорликни давом эттириш ва судьялар малакасини ошириш бўйича халқаро стандартларни миллий таълим жараёнига янада интеграция қилиш истиқболлари ҳақида келишди.

Аввалроқ АОКАда 29 март, сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Судьялар олий мактаби қайси давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани ва тингловчилар қайси хориж мамлакатларининг тажрибаси асосида ўқитилиши борасида маълумот берилганди. Шунингдек, Судьялар олий мактаби магистратурасига кириш имтиҳони қачон ўтказилиши маълум бўлганди. Ҳамда Судьялар олий мактабида Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммолари мавзусида семинар ташкил қилинганди.