Жамият - 13:11 · 11.05.2022

Судьялар олий мактабида кабул жараени давом этмоқда

Ўзбекистонда Судьялар олий мактаби 2022/2023 ўқув йили учун судьялик лавозимига номзодлар тайёрлаш курсига 15 апрелидан ҳужжатларни қабул қилиш бошланди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб судьялик лавозимларига фақат олий мактабнинг судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаганларгина тайинланади.

Ҳозирда судларнинг турларидан келиб чиқиб фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий ишлар мутахассисликлари бўйича курсга ҳужжатларни қабул қилиш давом этмоқда. Тайёрловга ёши 34 дан кам бўлмаган, олий юридик маълумотга ва ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Тайёрлов курси давлат грантлари асосида, бир йиллик таълим дастури бўйича олиб борилади. Тингловчиларга стипендия тўланади.

Номзодлар тўғридан-тўғри Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чўпонота кўчаси 6-уйда жойлашган Судьялар олий мактабига ёки электрон шаклда www.sudyalaroliymaktabi.uzwww.sudya.uz манзилга қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

  • олий мактаб директори номига таълим курси мутахассислигининг  номини кўрсатган ҳолда ариза;
  • аризачи шахсан тўлдирган анкета ва таржимаи ҳоли;
  • Олий кенгаши томонидан тасдиқланган (белгиланган) нусхадаги шахсий варақча (объективка) ҳамда яқин қариндошлари (аризачининг ва унинг умр йўлдошининг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари, шунингдек, аризачининг фарзандлари тўғрисидаги маълумотнома), шу жумладан – электрон шаклда;
  • олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом (мутахассислик: юриспруденция; таълим коди (шифр): 5240100 (ёки 5380100) ҳамда унинг иловалари;
  • аризачининг паспорти ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжати нусхаси;
  • меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
  • 3,5х4,5 ўлчамдаги 6 та рангли сурат;
  • одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи касалликлари йўқлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида тиббий маълумотнома – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда (086/1 шакл);
  • психиатрия ва наркология муассасаларида ҳисобда турмаслиги ҳақида маълумотнома;
  • хорижий давлат фуқаролиги йўқлиги (мавжуд эмаслиги), яшаш гувоҳномаси ёки хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжати йўқлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида тилхат;
  • иш жойидан кейинги уч йилда бажарган ишлари тўғрисидаги маълумот;
  • иш жойидан тавсиянома;
  • ўзининг ва яқин қариндошларининг судланганлик ҳолати тўғрисида маълумотнома. Қабул 2022 йилнинг 15 майигача давом этади.

Аввалроқ Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби 20 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, улар билан икки томонлама меморандумлар имзолангани ҳақида хабар берилганди.