Жамият, Тошкент ш. - 12:00 · 11.05.2022

Тошкентда қалбаки 2000 доллар банкомат орқали айирбошлангани аниқланди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги банкоматда қалбаки 2000 доллар айирбошлангани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан АИТБ «Ипак йўли банк» Амалиёт бошқармасининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, фуқаро С.Ф. ва бошқалар банк филиалига тегишли Паркент кўчасида жойлашган банкомат орқали қалбаки 2000 долларни сўмга айирбошлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ ДХХ қалбаки пул тайёрлаётган уюшган гуруҳни қўлга олганди. Гуруҳ умумий миқдорда 300 миллион сўмдан ортиқ қалбаки пул тайёрлаган.