Жамият, Сиёсат - 15:45 · 11.05.2022

Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси форуми бошланди

Тошкент шаҳрида 11 май куни Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги доирасида «Халқ дипломатияси – тараққиёт учун ўзаро англашув» мавзусида ШҲТ Халқ дипломатияси форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, тадбирда халқаро ташкилотлар, ШҲТга аъзо мамлакатлар парламентлари, нодавлат тузилмалар ва илмий-таҳлил марказлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этган. Хусусан, форумнинг очилиш маросимида Сенати раиси Танзила Норбоева, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари, ШҲТнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шен Юеюе ва Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов нутқ сўзлаган.

Владимир Норовнинг таъкидлашича, очиқлик ва холислик каби хусусиятлари билан ажралиб турувчи халқ дипломатияси замонавий жамиятда муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони ШҲТга раислик доирасида маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро англашув, ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича ушбу механизмни ривожлантиришга устувор аҳамият бермоқда.

Шунингдек, вазир Марказий Осиё Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўзаги бўлган ҳолда, ШҲТ маконининг фаравонлиги ва ривожланишида ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу маънода Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақа мамлакатлари билан ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди.

Бундан ташқари, делегациялар ШҲТга аъзо давлатлардаги ёш авлод салоҳиятини самарали рўёбга чиқариш, ҳар йили ШҲТ маданий ва сайёҳлик пойтахти мақомини бериш амалиётини жорий этиш, «ШҲТ Эзгу ният элчиси» институтини ташкил этиш ва мамлакатнинг бошқа таклифларини қўллаб-қувватлаган.

Форум якунлари бўйича ШҲТ халқ дипломатиясининг Тошкент коммюникесини қабул қилиш режалаштирилган. Халқаро тадбир 12 май куни якунланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ШҲТ котибиятида Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси тақдимоти бўлиб ўтганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ШҲТ мамлакатларига вакцинация сертификатлари бўйича таклиф бергани хабар қилинганди.