Жамият - 22:00 · 11.05.2022

«Zamin» фонди васийлик кенгаши раиси мамлакатдаги биринчи госпитал турдаги мактабга ташриф буюрди

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази негизида Ўзбекистондаги илк госпитал мактаб — «Меҳрли мактаб» фаолият юритмоқда. «Zamin» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева 11 май куни мактабга ташриф буюрди. Бу ҳақда фонд ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Zamin» фонди

Ушбу мактаб «Zamin» фонди томонидан Ўзбекистон Мактабгача таълим, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган госпитал педагогика соҳасидаги катта лойиҳанинг натижасидир.

Фото: «Zamin» фонди

Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ташриф чоғида бу ердаги шароитлар билан танишиб, фонд раҳбари педагог ва ота-оналарга далда сўзларини изҳор қилди, болажонлар билан дилдан суҳбатлашди.

Мактабнинг вазифаси— узоқ вақт даволанаётган ҳамда оддий мактаб ёки боғчага бориш имконияти бўлмаган болаларнинг сифатли ва узлуксиз таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир. Мактаб боланинг тўлақонли реабилитация бўлиши, мослашиши ва ижтимоийлашига, бу жараёнда ота-оналар ҳам қатнашишига хизмат қилмоқда.

Фото: «Zamin» фонди

Госпитал мактаб учун педагог ва психологлар танлов асосида танлаб олинган, улар госпитал педагогика бўйича махсус тренинглардан ўтган. Ўқитувчи ва мураббийлар жамоаси тиббий ходимлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Болалардаги иммунитет танқислигини ҳисобга олиб, мактаб ўзига хос тиббий талабларга мувофиқ жиҳозланган, гипоаллерген материаллар билан таъминланган. Ўқув жараёнида фақатгина электрон дарсликлар ва ҳар бир ўқувчига алоҳида бириктирилган китоблардан фойдаланилмоқда.

Фото: «Zamin» фонди

Мактабда Zamin Creative ижод студияси ҳам очилган. Унда болалар мусиқа, тасвирий санъат ва медиадан сабоқ олмоқда. IT-лаборатория ва сенсорли хона ҳам бор.

Шу билан бирга, мактаб тўсиқсиз муҳит яратиш учун мослаштирилган ўқув дастурлари, госпитал педагогика соҳасида ўқитувчиларнинг малакасини ошириш модуллари ишлаб чиқиладиган ва яратиладиган методология маркази сифатида ҳам хизмат қилмоқда.

Аввалроқ «Zamin» фонди ижтимоий муассасаларни сув билан таъминлаш концепциясини ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ишлаб чиқиши хабар берилганди.