Жаҳон - 7:31 · 12.05.2022

АҚШ Украинага 40 млрд долларлик ҳарбий ёрдам ажратди

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам сифатида 40 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мазкур ёрдамга муносабат билдирди.

Фото: «EU Reporter»

Маълум қилинишича, ажратиладиган маблағ Жо Байден маъмурияти сўраганидан 7 миллиардга кўп. Бу Украинада уруш бошлангандан буён Конгресснинг иккинчи марта катта маблағ ажратиш ҳолати ҳисобланади. Март ойида АҚШ қонунчилари ҳарбий ёрдам учун 13,6 миллиард доллар ажратган. Агар қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланса, уруш бошланганидан бери Украинага кўрсатилган ёрдам ҳажми 50 миллиард доллардан ошади.

«Мисли кўрилмаган миқёсдаги бундай ‘ёрдам’ умуман Украинага бўлган муҳаббат ва ўз иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш билан изоҳланмаслиги аниқ. Бундан мақсад Россияга қарши прокси урушни давом эттириш, мамлакатимизни оғир мағлубиятга учратиш, унинг иқтисодий ривожланиши ва дунёдаги сиёсий таъсирини чеклашдир», — деган Медведев.

Шунингдек, сиёсатчи АҚШ ҳарбий-саноат комплекси, шунингдек, Вашингтон ва Киевдаги коррупцион амалдорлар бу пулларнинг асосий манфаатдори бўлишини айтган. Медведев АҚШ молия тизимининг заифлиги ва ёқилғи, озиқ-овқат нархларининг кескин ошишига ишора қилиб, буни Россияга қарши санкциялар билан боғлаган.

Аввалроқ Медведев Россия ядро қуролдан фойдаланиши мумкин бўлган 4 та ҳолат маълум қилганди. Шунингдек, Россия АҚШнинг рус олигархлари мулкини мусодара қилиш режасини баҳолаган.