Автомактаб ўқитувчиси «тонировка»нинг бола психологиясига таъсири ҳақида гапирди — видео
«Бола атрофни бор ранглари билан кўргани маъқул», — дейди мутахассис
Маҳалла телеканалининг «Минбар» ток-шоусида автомактаб ўқитувчиси Ориф Назаров «тонировка»нинг бола психологиясига таъсири бўлишини айтди. Кўрсатув тўлиқ шаклда 11 май куни телеканалнинг YouTube саҳифасига жойланди.

Дастур давомида автомобилларнинг ноқонуний қайта жихозланишини, транспорт ойналарининг тусини ўзгартириш билан боғлиқ ҳолатлар борасида сўз борган. Бир қатор мутахассислар қаторида автомактаб ўқитувчиси Ориф Назаров ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган.
«Ойналари қоп-қора бўлиб турган автомобилнинг ичида ўтирибсиз, унда кичкина болаларимизни боғчага, мактабга ҳам олиб борамиз. Қора машина ичида бола ўтирса, унинг руҳиятига қанақадир таъсири бўладими, бўлмайдими, дея ўйланиб қоламан.
Бола атрофни бор ранглари билан кўрагани маъқулмикин ёки қорайтирилган автомобилнинг ичидан кўргани маъқулмикин? Бу менинг шахсий фикрим», — дея таъкидлаган автомактаб ўқитувчиси.
Мавзуга доир: «Қайсики амалдор машинаси ‘тонировка’ қилинган бўлса, у халқ ҳаққига хиёнат қилаётган бўлади» — Расул Кушербаев
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «тонировка» учун тўловни бекор қилиш ёки камайтириш таклиф қилинганди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «тонировка» бўйича янги қарори қабул қилинганди.