Жамият, Тошкент вил. - 12:00 · 12.05.2022

Бекобод шаҳри ҳокими лавозимини тарк этганини эълон қилди

Бекобод шаҳри ҳокими Зафар Файзуллоев 12 май куни лавозимини тарк этгани ҳақида Facebook’да пост қолдирди. Ҳокимлик матбуот котиби ушбу маълумотни «Bugun.uz»га тасдиқлади.

Фото: «Media.kpfu.ru»

Ҳоким қолдирган постида Президентга миннатдорлик билдирган ва фаолияти давомида қилинган ишлар ҳақида гапирган. Шунингдек, у йул куйган камчиликлари учун узр сўраган.

«Хайр ҳамшахарлар.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, дўстлар. Бугун мени Бекобод шаҳар ҳокими сифатида ваколатим якунига етди. Бу буюк шаҳарга раҳбар этиб тайинлаганлари учун ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромоновичга чексиз ҳурматимни ва миннатдорчилигимни билдираман. Шу 5 йил давомида ҳурматли Президентимиз доим ўзларини меҳрларини Бекобод шаҳрига ва унинг меҳнаткаш аҳолисига билдириб келдилар. Қилинган ишларни санаб чиқсак, қоғозлар том-том бўлиб кетади.

Мен барча бекободликларга ўзимнинг ҳурматимни билдириб, уларни ҳаётларида омад ва саодат тилайман. Мен ҳам қўлимдан келганча сизлар билан ишлаб, яшаб шу ернинг сувини ичиб, ҳавосидан нафас олиб, тузини еб фаолият курсатдим. Барчангизга сиҳат саломатлик, омад тилайман. Йўл қўйган камчиликларим учун сизлардан узр сўрайман. Хайр!», — дея пост қолдирган у.

Фото: Facebook

Маълумот учун, Зафар Файзуллоев 2017 йил 20 июнь куни Бекобод шаҳри ҳокими лавозимига тайинланганди. У 2014—2017 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги «Тўйтеп Зафар Мевалари» фермер хўжалиги раҳбари бўлган. 2001—2011 йилларда Янгийўл туманининг собиқ ҳокими сифатида фаолият юритган.