Жамият, Жаҳон - 21:00 · 12.05.2022

Бугун оқшоми. Президентнинг Фарғонага ташрифи, «тонировка»нинг болалар психологиясига «зарари», Зеленскийнинг Россияга шарти

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифни Олтиариқ туманидан бошлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, маҳсулотларни кўпайтириш мақсадида туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантацияси ташкил этилган.

Президент ушбу боғни келиб кўрган. Илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлди. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бунда фойдаланилган ускуна ва қувурлар ҳам тўлиқ маҳаллий маҳсулот.

Давлат раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашган. Таъкидланишича, Президент Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишган.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Учкўприк туманида бунёд этилаётган Енгил саноат ва логистика марказига борган.

Давлат раҳбари ташриф давомида тўқимачиликда қайта ишлаш даражасини ва маҳсулотлар ошириш бўйича кўрсатмалар берган. «Бугун бозор бешафқат. Бу рақобатга муносиб бўлиш учун тадбиркорнинг камида беш йиллик мўлжали, сифат кафолати, таннархда ўзининг резерви бўлиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Бекобод шаҳри ҳокими Зафар Файзуллоев 12 май куни лавозимини тарк этгани ҳақида Facebook’да пост қолдирди. Ҳокимлик матбуот котиби ушбу маълумотни «Bugun.uz»га тасдиқлади.

Фото: «Media.kpfu.ru»

Ҳоким қолдирган постида Президентга миннатдорлик билдирган ва фаолияти давомида қилинган ишлар ҳақида гапирган. Шунингдек, у йул куйган камчиликлари учун узр сўраган. Нима ҳам дердик, чиройли кета олиш ҳам ҳамманинг қўлидан келавермайди.

Ўзбекистонда ғалланинг 2022 йилда кутилаётган минимал нархи эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  ғалла ҳосилининг 2022 йилда кутилаётган минимал нархини эълон қилди.

Маълум бўлишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан жаҳон бозори ҳамда минтақавий биржалар нархлари таҳлил қилинган. Шунга кўра, 1 тонна ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нарх 3,0 миллион сўм бўлиши эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида вазирлик томонидан 2022 йил кутилаётган минимал нарх 1 тонна ғалла ҳосили учун 2 миллион 500 минг сўм этиб белгиланган эди. Кейинчалик, 2022 йил 11 май куни Шавкат Мирзиёев дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказиб, Ўзбекистонда ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи 2021 йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан 2022 йил ҳосили учун 3 миллион сўмга оширилишини таъкидлаган.

Автомактаб ўқитувчиси «тонировка»нинг бола психологиясига таъсири ҳақида гапирди.

Маҳалла телеканалининг «Минбар» ток-шоусида автомактаб ўқитувчиси Ориф Назаров «тонировка»нинг бола психологиясига таъсири бўлишини айтди.

«Ойналари қоп-қора бўлиб турган автомобилнинг ичида ўтирибсиз, унда кичкина болаларимизни боғчага, мактабга ҳам олиб борамиз. Қора машина ичида бола ўтирса, унинг руҳиятига қанақадир таъсири бўладими, бўлмайдими, дея ўйланиб қоламан.

Бола атрофни бор ранглари билан кўрагани маъқулмикин ёки қорайтирилган автомобилнинг ичидан кўргани маъқулмикин? Бу менинг шахсий фикрим», — дея таъкидлаган автомактаб ўқитувчиси. Дарвоқе, биз бу хабарни ёзаётган вақтда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида ер силкиниши кузатилди.

Хўш, оламда нима гап?

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан урушни мамлакатнинг бутун ҳудудлари қайтарилгандан кейингина тугатиш мумкинлигини айтди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Президент Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институтининг француз талабалари билан видеомулоқотда бу бўйича гапирган.

«Биз ўзимизга тегишли бўлган ҳамма нарсани қайтариб олсак, урушни тугатамиз. Агар Украина ҳужумдан олдин NATO’да бўлганида эди, бундай уруш бўлмасди. Уруш Украина халқига тегишли нарсалар қайтариганида тугайди. Бу тўғри, очиғини айтаман: бизга ортиқча нарса керак эмас. Юртимизга, еримизга тинчлик қайтишини хоҳлаймиз. Россия ўз навбатида барча ҳуқуқларимизни тортиб олди: еримизга бўлган ҳуқуқ, танлов ҳуқуқи», — деган президент.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Украина ўзининг яшаш ҳуқуқи учун курашмоқда, шу билан бирга энг яхши украиналикларни йўқотмоқда. Зеленский Россия ўз қарорларининг хавфли бўлганини тан олган ва жиноятлари учун адолатли жазо олишга тайёр бўлгандагина у билан самарали музокаралар олиб бориш мумкинлигини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.