Жаҳон - 8:38 · 12.05.2022

Илон Маск сайёралараро парвоз қачон бўлишини маълум қилди

«SpaceX» раҳбари, миллиардер Илон Маск сайёралараро парвоз қачондан амалга ошишини очиқлади. Бу ҳақда у «Financial Times»га берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: «Teslarati.com»

Миллиардернинг сўзларига кўра, сайёралараро парвозларга мўлжалланган «Starship» космик кемаси яқин 3–5 йил ичида Марсга парвоз қилади. «Ўйлайманки, агар жараён муваффақиятли ўтса, биз ўн йилликнинг охиригача Марсга экипажли миссияни жўнатишимиз мумкин», — деган Илон Маск.

Унинг таъкидлашича, Қизил сайёрага парвозлар учун «деразалар» ҳар икки йилда бир марта очилади. Шу билан бирга, Ер орбитасидан Марсга парвоз қилиш учун ҳар 26 ойда сайёралар керакли тарзда тизилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, «SpaceX» 2022 йилнинг ёзида «Starship»ни учиришни амалга оширмоқчи. Эҳтимол, бу кейинги икки ёки уч ой ичида содир бўлади.

Аввалроқ Илон Маск Марсга парвоз чиптасининг нархини маълум қилганди. Шунингдек, миллиардер одамларни Марсга кўчириш қанчага тушишини айтган.