Жамият - 19:26 · 12.05.2022

Маҳаллийлаштириш шахсларда: «Avtooyna» МЧЖ ойналари — хавфсилик ва сифат устуворлиги

«Avtooyna» МЧЖ — юқори сифатли ва хавфсиз автомобил ойналарини ишлаб чиқариш заводи тарихи 1998 йилда (1998 йилда завод қурилишига оид ҳужжатлар имзоланган, 2004 йилда эса ишлаб чиқариш ва етказиб бериш йўлга қўйилган) бошланган.

У вақтда миллий автосаноат олдига Асака заводи (ҳозирги «UzAuto Motors» АЖ) конвейеридан тушган автомобилларни ойналар билан жиҳозлаш учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш вазифаси қўйилган. Шундай қилиб, вақт талабига кўра бугунги кунда юқори сифатли, хавфсиз автомобил ойналарини ишлаб чиқариш бўйича бозорда салмоқли ўринга эга бўлган корхона дунё юзини кўрди.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати — йилига 350 мингдан ортиқ автоойна комплекти. Барча ҳамкор компаниялар – ўз мамлакатларида бозор етакчилари ҳисобланади. Айнан жаҳонга машҳур Bystronic (Швейцария), CugherGlass, Ctriulzi, MarioArgiro, KeraGlass (Италия), Glassrobots, Pilkington (Финляндия) ва Vetrotool (Испания) компанияларига тегишли  илғор технологиялардан фойдаланиш орқали завод нафақат мамлакатимиздаги ягона йирик ихтисослашган корхонага, балки бутун Ўрта Осиёда автомобил ойналари ишлаб чиқаришда етакчига айланди.

Бугун завод штатида — 739 нафар юқори малакали мутахассис бор ва улар ЕИ ва РФ мамлакатларида доимий амалиёт ўтайди. Ходимларнинг аксарияти корхонада 10 йилдан ортиқ вақтдан буён ишламоқда.

Ишлаб чиқаришда қуйидаги технология линиялар ўрнатилган:

  • хомашё ойнасини кесиш линияси;
  • кичик ён ва вентиляция ойналарини дастлабки қайта ишлаш линияси;
  • орқа ва шамол ойналарини дастлабки қайта ишлаш линияси;
  • узлуксиз горизонтал қиздириш печи;
  • шамол ойнаси листларини йиғиш-шакл бериш линияси;
  • вакуумлаш;
  • автоклав;
  • шамол ойнаси сифатини текшириш линияси.

Компаниянинг асосий афзалликларидан бири синовлар ўтказиш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш учун ўз акрредитациядан ўтган лабораториясига эгалигидир. Заводнинг асосий маҳсулоти — UzAuto Motors АЖ модел қатори учун хавфсиз автомобил ойна комплектлари.

Шунингдек, «СамАвто» ОАЖ, (JV MAN) Uz Truck and Bus Motors, «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ ва бошқа кўплаб ишлаб чиқарувчилар моделлари учун хавфсиз автомобил ойналари тайёрланади. Стеклопакетлар, хилма-хил турдаги тонировка қилинган ва атермал автомобил ойналарини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, халқ истеъмол товарлари, мебел ва маиший техникаси учун ойнали жиҳозлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

«Бизнинг конструкторлик идорамиз қисқа муддатларда мижозларнинг индивидуал буюртмасига кўра деялга исталган турдаги автомобил ойнасини ўзлаштириш ва тайёрлаш имкониятини беради. Бизнинг етказиб берувчимиз ҳозирда Фарғона вилоятидаги «Кварц» АЖ, унгача эса етказмалар Россия ва Хитойдан келган.

Заводга ойналар лист кўринишида келади. Бу ерда уни қайта ишлаб, кесишади ва ён ойналарни тайёрлаш учун превентив шаклга келтирилади. Шамол ойналарини ишлаб чиқариш бироз фарқланади. Гап шундаки, автомобилнинг ён ва орқа ойналари қиздириш жараёнидан ўтказилади. Шамол ойналари эса қиздирилмайди, балки улар букилиб, орасига плёнка қўйилади, яъни ламинат қилинади. Бу ва пухта қайта ишлаш ҳисобига авария юз берган ёки тош теккан ҳолатда ойнанинг майдаланиб кетмаслиги таъминланади.

Зарур ҳолатда завод қувватлари турли хилдаги ойналарни қайта ишлаш имконини беради. Бироқ маҳсулот экспорти у қадар кучли ривожланмаган: биринчидан, мамлакат ичкарисида ҳам талаб катта, иккинчидан эса ойналар транспортировка учун ноқулай. Уларни қадоқлаб етказиб бериш – узоқ давом этадиган ва ноқулай жараён. Айнан шунинг учун кўп мамлакатлар ойналарни импорт қилмайди ва уларни ўзлари ишлаб чиқаришга ҳаракат қилади», — дейди ишлаб чиқариш раҳбари Санжар Мўминов.