Жаҳон - 16:29 · 12.05.2022

Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон билан чегарада ариқ қазиётгани айтилди

Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон билан чегарада ариқ қазиётгани хабар қилинди. Мамлакат чегара хизмати расмийси «24.kg»га бунинг сабабини маълум қилди.

Фото: «Kabar.kg»

Қазиш ишлари ҳақида Қирғизистон депутати Ирисбек Атажанов Жогорку Кенеш йиғилишида айтиб ўтган. У қўшни давлат чегарачилари сим тўсиқлар ўрнатаётганини таъкидлаган. «Арпаcой — чегарадош қишлоқ. Аҳоли менга ўзбек чегарачилари Қирғизистон ҳудудида иш олиб бораётганини айтди», — деган депутат.

Ўз навбатида, Қирғизистон чегара хизмати ҳолатга изоҳ бериб, Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳудудида сим тўсиқлар ўрнатиш бўйича муҳандислик ишлари олиб бораётганини қайд этган. Боткен вилояти Қадамжай тумани Пилдирак посёлкасидаги Арпаcой қишлоғи яқинидаги участка тўлиқ делимитация қилингани келтирилган.

«Ушбу ҳудудда чегарани делимитация қилиш жараёни 2017 йилда якунланган. Маҳаллий аҳолига Ўзбекистон томони ўз ҳудудида муҳандислик ишлари олиб бориши ҳақида айтилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон чегарачилари 3 нафар қирғизистонликни отиб қўйгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара масаласида биринчи учрашув ўтказилган.