Жамият - 18:02 · 12.05.2022

Ўзбекистонда ғалланинг 2022 йилда кутилаётган минимал нархи эълон қилинди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  ғалла ҳосилининг 2022 йилда кутилаётган минимал нархини эълон қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан жаҳон бозори ҳамда минтақавий биржалар нархлари таҳлил қилинган. Шунга кўра, 1 тонна ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нарх 3,0 миллион сўм бўлиши эълон қилинган.

Маълумот ўрнида, Президентнинг «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархларини таҳлил қилган ҳолда келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархларни эълон қилиш ҳамда бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш вазифаси юклатилган.

Таъкидланишича, бозорлардаги нархлардан келиб чиққан ҳолда ҳар чоракда кутилаётган минимал нархга тузатишлар киритилиб, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида вазирлик томонидан 2022 йил кутилаётган минимал нарх 1 тонна ғалла ҳосили учун 2 миллион 500 минг сўм этиб белгиланган эди. Кейинчалик, 2022 йил 11 май куни Шавкат Мирзиёев дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказиб, Ўзбекистонда ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи 2021 йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан 2022 йил ҳосили учун 3 миллион сўмга оширилишини таъкидлаган.