Жамият - 20:40 · 12.05.2022

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида дўл ёғди — видео

Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларида 12 май куни дўл ёғди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, дўл ҳодисаси Жиззах вилояти Бахмал тумани, Жиззах шаҳри, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳамда Самарқанд вилояти Ургут туманида кузатилган.

Жиззах шаҳрида маҳаллий вақт тахминан соат 19:15 да ғайритабиий дўл ёғиш ҳодисалари кузатилган.

Фото: «Uzb_Meteo»

Жиззах вилоятининг «Бахмал олмалари» билан машҳур бўлган Бахмал туманининг Музбулоқ тоғли ҳудудида ҳам кучли дўл ёққан. Ушбу ҳодиса мева ҳосилига бир мунча зарар келтирган бўлиши мумкин.

Келтирилишича, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сарчашма қишлоғида ёққан кучли дўл ерларни қор мисол оқартириб ташлаган. «Бу жараён ҳудудга яқин жойларда сел келиш хавфини оширади», дейилади хабарда.

Фото: «Uzb_Meteo»

Шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳам катта ҳажмдаги дўл ёғиб ўтган.

Фото: «Uzb_Meteo»

Аввалроқ Наманган вилояти Косонсой туманида 22 апрель куни дўл ёққани хабар берилганди. Шунингдек, Сурҳондарё вилояти Олтинсой туманида 24 февраль куни йирик дўл ёққани маълум қилинганди.