Жамият, Фарғона - 23:14 · 12.05.2022

Президент Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муротованинг ҳолидан хабар олиш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова қаттиқ бетоб бўлиб қолгани сабаб унинг ҳолидан хабар олиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Лола Муротовага давлат раҳбарининг саломи ва тезда шифо топиш тилаги етказилган.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Ш. Ғаниев, соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари А. Журабаев ва мен вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанаётган Лола опа ҳолидан хабар олдик, давлат раҳбарининг саломи ва тезда шифо топиш тилагини етказдик», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Д. Тўлаганов, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари Х. Фозилов, Ф. Тўраев, М. Ирисметов, тиббиёт фанлари доктори О. Аҳмедов ва бошқа қатор тиббиёт муассасалари директорларидан иборат консилиум бошчилигида тажрибали шифокорлар томонидан керакли муолажалар олиб борилмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олганди.  Шунингдек, давлат раҳбари Самарқандга қилган сафари якунида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалида даволанаётган фидойи меҳнат фахрийси Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳасан Нормуродовнинг ҳолидан хабар олган, мустаҳкам соғлик ва бардамлик тилаган эди.