Жамият, Фарғона - 14:30 · 12.05.2022

Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига 12 май кунги ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, маҳсулотларни кўпайтириш мақсадида туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантацияси ташкил этилди.

Президент ушбу боғни келиб кўрди. Илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлди. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бунда фойдаланилган ускуна ва қувурлар ҳам тўлиқ маҳаллий маҳсулот.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, «хусайни», «келинбармоқ», «ризамат», «кишмиш» каби харидоргир узум навлари экилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда.

Қатор ораларига тарвуз экилган. Бозор талабига қараб, қалампир, булғор қалампири, бодринг, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилади. Булар аҳоли даромади, юртимиз экспортини ошириш учун қўшимча манба бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти, деҳқонлар экспортга чиқаяпти. Лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди. Доим изланишда, ҳаракатда бўлишимиз керак. Мана, салгина шароит яратилгани учун шунча жой боғ бўлди. Ҳали ички имкониятларимиз жуда кўп. Бу имкониятларни “инсон қадри” тамойили асосида халқимиз манфаатига йўналтириш керак. Водий гавҳари Фарғона бунда намуна бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ер замонавий агросаноат мажмуи бўлади — 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. 6 та минитрактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар аҳолига бўлиб берилади. Бу миришкор олтиариқликлар учун катта имкониятлар яратади.

Давлат раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади. Мулкдор қанча кўп бўлса, масъулият кўп бўлади, харидорларнинг, чет эллик ҳамкорларнинг тадбиркорга ишончи бўлади, одамлар кўпроқ даромад олади», — деди Президент.

Ҳудудда 3 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши айтилди. Уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ишга олинади.

Президент шундай ишчилар билан суҳбатлашди. Шу ерда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.