Жамият - 22:04 · 12.05.2022

Шавкат Мирзиёев Марғилондаги Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасига борди — фото

Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳрида ташкил этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Наврўз маҳалласи ҳудудидаги бу жой илгари тошлоқ, фойдаланилмайдиган ер бўлган. Лекин коммуникация ва логистика жиҳатидан жуда қулай ҳисобланган.

Шу боис 7 гектар майдонда ушбу саноат зонаси ташкил этилган. Бу ерда тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати бўйича 28 та лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда уларнинг 12 таси ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Барча корхоналарда мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари корхоналардан бирида ишлаётган аёллар билан суҳбатлашган.

«Инсон қадрини улуғлаш бўйича ҳаракатларимизда аёлларга алоҳида аҳамият қаратаяпмиз. Аёл бу — оила дегани, баркамол фарзандлар дегани. Нима учун ‘Аёллар дафтари’ ташкил қилдик? Ҳар бир эҳтиёжманд хотин-қизга эътибор қилиш учун. Сизнинг ҳам баъзиларингиз ‘менинг қўлимдан келмайди’ деб ўйлаган бўлишингиз мумкин. Қила олар экансиз-ку. Сизларда мана шундай ишонч бўлиши учун, қизларимиз касб-ҳунарли бўлиши учун бундан кейин ҳам ҳамма имкониятларни ишга соламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундай саноат зоналарини чекка туманларда ҳам очиб, унга ёшларни жалб этиш, касбга ўргатиш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Тошлоқ туманидаги «Agro impex valley» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Қиймати 100 миллиард сўмдан зиёд бўлган ушбу корхона 2020 йилда ишга туширилган. Бу ерда «Амира текстил» белгиси остида тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ёзги пойабзалларнинг уски қисми ҳам тайёрланади.

Давлат раҳбари шу ерда Тошлоқ туманида ишлаб чиқарилаётган саноат ва ҳунармандчилик маҳсулотларини кўздан кечирган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 12 май куни Фарғона вилояти Учкўприк туманида бунёд этилаётган Енгил саноат ва логистика марказига борганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифини Олтиариқ туманидан бошлаганди. Президент туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантациясини бориб кўрган.