Жаҳон - 19:38 · 12.05.2022

Шимолий Кореяда илк бор ковидга чалиниш ҳолати аниқланди

Шимолий Кореяда коронавирус инфекциясининг биринчи ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «North Korea»

КХДР расмийлари шу кунгача мамлакатда коронавирус йўқлигини таъкидлаб келган. Бироқ 12 май куни КХДР Меҳнат партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюросининг йиғилишида мамлакат раҳбари Ким Чен Ин ковид ҳолати қайд этилганини айтган.

«2020 йилнинг февраль ойидан шу кунгача икки йилу уч ой давомида эпидемияга қарши курашиб келинаётганда мамлакатимизда фавқулодда вазият юзага келди. Мамлакатнинг барча туман ва шаҳарлари хавфли вирус тарқалиш йўлларини ёпади. Биз тўсатдан юзага келган инқирозни энгиб ўтамиз ва вирусга қарши шошилинч курашда ғалаба қозонамиз», — деган Шимолий Корея раиси.

Қайд этилишича, 8 май куни Пхеньянда иситмаси кўтарилган беморда «омикрон» штамининг «BА.2» варианти аниқланган. Мамлакат расмийлари «максимал фавқулодда вазият» учун вирусни назорат қилиш тизими жорий этган.

Аввалроқ «омикрон» штами хавфсиз экани рад этилганди. Шунингдек, «омикрон» одамлардан уй ҳайвонларига юқиши маълум бўлган.