Хоразмда автобус «авария»га учраши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди — видео
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 12 май куни автобус йўл-транспорт ҳодисаси учрашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Фото: Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати
Қайд этилишича, соат 14:30 да Ал-Хоразмий, Шерозий ва Ғафур Ғулом кўчалари туташган чорраҳада «Lada 2194» ва «Isuzu» автобуси ўртасида тўқнашув содир бўлган.
Светофор орқали тартибга солинувчи ушбу чорраҳада содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида «Isuzu» автобуси ён томонга ағдарилиши оқибатида ундаги икки нафар йўловчи олган оғир тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.
Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автобуснинг турли даражада тан жароҳати олган йўловчиларига тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Навоий вилояти Қизилтепа туманида 3 май куни йўловчи автобуси ағдарилиб кетганди. Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган А-373 автомобил йўлида 3 апрель куни юк машинаси ва тиркамаси ағдарилгани ҳақида хабар берилганди.