Жаҳон - 19:35 · 12.05.2022

Янги Зеландияда ковид сабабли ёпилган чегара қачон очилиши маълум бўлди

Янги Зеландия ўз чегараларини 31 июль куни, муддатидан икки ой олдин барча чет эллик сайёҳлар учун очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жасинда Ардернга таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Фото: «Nelson Airport»

Ҳукумат раҳбари бу вақтгача круизлар ва саёҳатлар ташкил этиш билан шуғулланувчи авиаташувчилар ва компаниялар тайёргарлик кўришга улгуришини айтган. Янги Зеландия чегаралари пандемия сабабли 2020 йил март ойида ёпилган. Кейинроқ мамлакат хорижликларнинг киришига қўйилган тақиқни бекор қилган, бироқ мамлакатга келадиганлар сонини кескин чеклаган.

Бундан ташқари, икки ҳафталик мажбурий карантин жорий этилган, унинг давомида барча келганлар давлатга қарашли изоляторлардан бирида қолиши керак бўлган. 28 февралдан бошлаб мамлакатда ташриф буюрувчилар учун санитария чекловларини босқичма-босқич бекор қилиш бошланган, бу сентябргача якунланиши кутилмоқда.

Аввалроқ Болгария сайёҳлардан коронавирус талабларини олиб ташлаши ва қайси давлатлар сайёҳлар учун коронавирус талабларини юмшатиши маълум қилинган.